МИЛАН

МИЛАН — Италиянинг шим. қисмидаги шаҳар, Падана текислигининг марказида. Ломбардия вилояти ва Милан провинциясининг маъмурий маркази. Мамлакатнинг йирик иқтисодий ва маданий маркази. Аҳолисининг сони жиҳатидан (2001 й. да 1,8 млн. киши) Рим ш. дан кейин 2-ўринда. Транспорт йўлларининг йирик тугуни. Кема қатнайдиган каналлар орқали По дарёси билан боғланган. Аэропорта халқаро аҳамиятга эга.

Милан — мамлакатнинг муҳим саноат, илмий ва маданий маркази. Иқтисодий фаол аҳолининг ярмидан кўпроғи саноатда ишлайди. Саноатининг етакчи тармоғи — машинасозлик (моторсозлик, автомобилсозлик, самолётсозлик, тракторсозлик ва б.) ва металлургия. Нефтни қайта ишлаш, кимё, енгил ва озиқ-овқат саноатлари ҳам ривожланган. Тўқимачилик, кўн-пойабзал, полиграфия корхоналари бор. Италиянинг йирик нашриётчилик маркази. Географик жур. лар, харита, атлас, йиллик тўплам ва ҳ. к. нашр қиладиган машҳур «Туринг клуб Итальяно» М. да. Миланда бир қанча олий ўқув юртлари, жумладан ун-т, техника ин-ти, католик, савдо ун-тлари, консерватория, Нафис санъат академияси ва б. илмий муассаса, кутубхоналар, «Ла Скала» опера театри ва б. театрлар, музейлар, картиналар галереяси бор. Меъморий ёдгорлик жуда кўп: черков ва соборлар, жамоат бинолари сақланган. Савдо унти, Милан кўргазма зали каби замонавий бинолар қурилган.

Миланга мил. ав. 4-а. да асос солинган. Мил. ав. 196 й. дан Рим таркибида (лотинча номи Медиоланум). 11 — 12-а. ларда ҳунармандчилик ва савдо маркази бўлган. 1535 й. да Испанияга қўшиб олинган. 1802 й. дан Италия Республикасининг, 1805 й. дан Италия қироллигининг пойтахти. 1815—59 й. ларда Австрия таркибида. 1861 й. да Италия қироллигига қўшилган.

Loading...