МИЛЛЬ Жон Стюарт

МИЛЛЬ Жон Стюарт (1806.20.5, Лондон — 1873.8.5, Авиньон) — инглиз файласуфи, иқтисодчи ва жамоат арбоби. Ост-Индия компаниясида (1823—58) хизмат қилган. 1865—68 й. ларда парламент аъзоси . Либерал ва демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган. Милльнинг дунёқараши Д. Рикардо, И. Бентам, Ж. Беркли, Д. Юм ва б. нинг фалсафий, иқтисодий назариялари таъсирида шаклланган. У муросали сиёсат ва давлатнинг иқтисодиётга аралашмаслик, шунингдек, ижтимоий ислоҳотлар тарафдори бўлган. Ўзининг «Эркинлик тўғрисида» (1859) асарида индивидуал фаолият эркинлигига аралашмаслик тамойилини илгари сурган, лекин амалий фаолият соҳасида давлатнинг таълим ва меҳнат шартномалари борасидаги ролига юқори баҳо берган. «Сиёсий иктисодни асослаш ва уларнинг ижтимоий философияга айрим илоьалари» (1848) асарида А. Смитнинг «Халқлар бойлиги» асари ғояларини Д. Рикардо, Ж. Сей, Т. Мальтус ва б. иқтисодчиларнинг ғояларини ҳисобга олган ҳолда баён этишга ҳаракат қилган.

Гарчи Милль ўз асарини А. Смитнинг «Халқлар бойлиги» асарининг замонавийлаштирилган кўриниши деб таъкидлаган бўлса ҳам, лекин у иқтисодиёт назариясига кўпгина оригинал ғоялар киритди, жумладан, унинг талаб ва таклиф назариясини ишлаб чиқиши энг муҳим ҳисса бўлди. Милль талаб ва таклиф омилларини нарх назариясига киритиб, неоклассик нарх назариясининг вужудга келишига йўл очиб берди.

Loading...