МИЛОШ

МИЛОШ (Milosz) Чеслав (1911.30.6, Шетейняй) — поляк ёзувчиси; француз ва инглиз тилларида ҳам ижод қилган. 1951 й. дан муҳожирликда (аввал Францияда, 1960 й. дан — АҚШда). 30—50-й. лардаги шеър ва достонларида, «Кунчиқишда ва кунботарда» (1974), «Бепоён замин» (1984) шеърий китобларида ҳоз. замон кишисининг ҳалокатли тажрибаларини жаҳон цивилизацияси тараққиёти нуқтаи назаридан тушуниб етиш, инқироз ва мудроқ ҳолатларга қарши курашиш ғояси акс этган: М. тимсолидаги шоир талафотлардан асровчи, 20-а. да бутун бошли халқ ва цивилизациялар халокатининг солномачиси сифатида намоён бўлади. «Ҳокимиятни забт этиш» (1953), «Асоратга тушган акл» (1953) масалқиссалари авторитаризмга қарши ғоялар билан суғорилган. «Қитъалар» (1958), «Шахсий мажбуриятлар» (1972) эссе китобларида турли маданиятларнинг таянч маънавий белгиларини, маданий онг феноменини тадқиқ этади. Милошнинг фикрича, ҳоз. онг, шуур драматизми дунёнинг яхши ва ёмон, ёвуз тарзида 2 хил намоён бўлиши (қ. Монийлик), гуноҳкорлик ва ўзини илоҳийлаштиришни бошдан кечириш, эътиқод ва ақлнинг ўзаро қарши кураши билан белгиланади, у нафақат бартараф этиб бўлмайдиган, балки 20-а. кишисининг ўз такдирини ўзи белгилашидаги манба ҳисобланади. М. Қадимий аҳд ва Янги аҳдни, инглиз шеъриятини поляк тилига, поляк шеъриятини инглиз тилига таржима қилган. Нобель мукофоти лауреата (1980).

Loading...