МИМ

МИМ (юн. mimos — тақлид, тақлидчи) —1) қад. халқ театрининг тури, маиший ва ҳажвий мазмундаги бадиий ҳажвий кичик томошалар. Мил. ав. 5-а. да Юнонистонда, эллинизм даврида (мил. ав. 4—3 а. лар) Яқин ва Ўрта Шарқца, шу жумладан ҳоз. Ўзбекистон ҳудудида вужудга келган. Мимда шаҳар ва қишлоқ қуйи табақаларининг ҳаёти акс эттирилган. Томошалари шеърий ва насрий диалог ва монологлардан, кулгили қўшиқ ва рақслардан ташкил топган, кўча ва майдонларда, кейинроқ саҳналарда кўрсатилган. Мим артистлари ниқобсиз ўйнаган. Мим маҳаллий халқнинг масхарабозлик театри томошалари билан қўшилиб ривожланди. Мим театрининг шакли, эстетик принциплари маълум ўзгаришлар билан бизгача етиб келган. 19-а. охири —20 а. бошларида ўзбек актёрларининг репертуаридаги «Дунгон ош», «Хум ўғриси», «Қоро-вул уйқуси», «Ов» каби томошалар, Хоразм халқ театрида ҳозиргача сақланиб келган бир актёр театри бунга мисолдир;

2) Мим томошаларини ижро этувчи актёр ҳам Мим деб аталган. Ўзбек анъанавий театридаги тақлид (театр) ва муқаллид (актёр) келиб чиқишига кўра, Мим санъатининг давомчисидир, деган қараш мавжуд;

3) замонавий те-атрда — пантомима ижрочиси.

Муҳсин Қодиров

Loading...