МИН

МИН — ўрта асрдаги Хитойда императорлар сулоласи (1368— 1644). Мўғулларнинг Юань сулоласи ағдарилиши натижасида Чжу Юанъчжан томонидан асос солинган. 15-а. бошида босқинчилик сиёсати олиб борган. 1407 й. Хитой қўшинлари Вьетнамни босиб олган. Жан. денгизлар ва Ҳинд океани минтақалари томон Чжэн Хэ қўмондонлиги остида 7 та денгиз экспедицияси жўнатилган. Португалияликларнинг Хитойда ўрнашиб олишга уринишлари муносабати билан Мин императори У-цзун 1521 й. европаликларга Хитойга киришни тақиклаб қўйган ва у шунинг учун Аомин (Макао)дан ташқари барча портларни беркитган. Мин даврида ижтимоий зиддиятлар ва синфий курашнинг кучайиши 17-а. нинг 20-й. ларида деҳқонлар урушини келтириб чиқарган. Қўзголончилар Ли Цзичэн раҳбарлигида 1644 й. пойтахт Пекинни эгаллашган ва Мин сулоласини ағдаришган. Хитой мулкдорларининг бир қисми бу пайтда Хитойга бостириб кирган манжурлар томонига ўтган ва деҳқонлар урушини бостиришда уларга кўмаклашиб, мамлакатда манжурларнинг Цин сулоласи қарор топишига ёрдам берган.

Loading...