
МИНЕРАЛ СУВЛАР
МИНЕРАЛ СУВЛАР — таркибида баъзи бир кимёвий элементлар ва бирикмалар, шунингдек, газлар бўлган сувлар. Таркибидаги эриган минералларнинг умумий миқдори 1 г/л гача бўлган сувлар чучук ҳисобланади. Баъзи денгиз ва кўл сувлари ҳам Минерал сувларга киради. Минерал сувларнинг маълум шифобахш хусусиятига ва иқтисодий жиҳатдан узоқ муддат фойдаланиш учун етарли миқдорга эга бўлганлари минерал сув манбалари деб аталади. Сув таркибида йод, бром, литий, барий, темир ва б., газларданкарбонат ангидрид, радон, сульфат газлари бўлиши уларда шифобахш хусусият вужудга келтиради. Суль-фатгидрокарбонатли Нарзан суви (Кисловодскда), карбонат ангидридли Железноводск, Пятигорск, Ессентуки, олтингугуртли Чимён, Учқизил (Ўзбекистон), Обишифо (Тожикистон), Мацеста (Грузия), азотли Қизилтепа (Ўзбекистон), Иссиқота (Қозоғистон), радиоактивли Хўжаобигарм (Тожикистон), Жетиоғуз (Қозоғистон) ва б. ўнлаб жойларда минерал сув манбалари бор. М. с. қосил бўлиши ва Ер пўстида жойланишига қараб совуқ ва илиқ (20° атрофида), термал (иссиқ, 37° дан юқори), гипотермал (42° дан юқори) ҳамда қайноқ (100° ва ундан юқори) бўлади. Минералланиш миқдорига қараб: кучсиз (1—2г/л), кам (2—5 г/л), ўрта (5-15 г/л), юқори (15-30 г/л), шўр (15—30 г/л), ва ўртача шўр (35 — 150 г/л) каби турларга бўлинади. Таркибида 2—20 г/л минерал тузлар бўлган Минерал сувлар истеъмол учун ишлатилади. Минерал сувларнинг шифобахш хусусияти таркибидаги фойдали элементлар, газлар, органик моддаларнинг сифати ва миқдорига қараб белгиланади. Минерал сувларнинг пайдо бўлиши, жойланиш қонуниятлари ва фойдаланиш масалаларини гидрогеология ва курортология ўрганади. Минерал сувларнинг органик ва кимёвий хоссаларини ўрганиш ва фойдаланишга топшириш б-н илмий тадқиқот муассасалари, лаб. ва ст-ялар шуғулланади. Ҳоз. санаторий ва шифохоналарда сунъий йўл билан олтингугуртли ва радонли Минерал сувлар тайёрланади.
Ўзбекистон Марказий Осиёда Минерал сувларга бой бўлган мамлакат. Республика худудида уларнинг табиатда маълум бўлган барча гуруҳ ва типлари аниқланган. Ўзбекистонда Минерал сувларнинг қуйидаги бальнеологик гурухлари бор: специфик хусусиятларсиз ва компонентларсиз, олтингугуртли, йод, бром, радонли ва карбонат ангидридли.
Специфик хусусиятларсиз ва компонентларсиз энг қимматли Минерал сувлар (азотишқорли иссиқ, Ижевск ва янги Ижевск туридаги сульфат ва хлорид сульфат натрийли) Тошкент атрофи, Кизилкум, Зарафшон ва Марказий Кизилкум ҳавзалар гуруҳида, ҳамда Устюрт, Бухоро-Қарши, Сурхондарё ва Фарғона артезиан ҳавзаларининг юқори гидрогеологик қаватида тарқалган. Улар негизида: Жан. Оламушук шаҳарчаси ва Полвонтошда (Андижон вилояти), Бухородаги «Ситораи Моҳи Хосса», Жиззах вилоятидаги Гагарин ва Ғаллаорол ш. ларида, Муборак ш. да (Қашқадарё вилояти), Олтинсой қишлоғида (Навоий вилояти): Каттақўрғон ш, На-горний т. й. станциясида (Самарқанд вилояти), Тошкент ш. да, Тошкент вилоятида, Олтиариқ шаҳарчасида, Олтиариқ т. й. станциясида, Задион қишлоғида, Қўқон ш. да, Чимён қишлоғида (Фарғона вилояти), Нукус ш. да (Қорақалпоғистон) санаторийкурорт, профилактика муассасалари ва қадоқлаш з-длари фаолият кўрсатади. Ўзбекистон худудида саноат тоифаси бўйича фойдаланиш захираси 30 минг м3/ сутка бўлган ер ости Минерал сувлар аниқланган. Улар негизида 100 дан зиёд санаторий, бальнеологик шифохона ва минерал ичимлик сувлари қадоқлаш бўйича 20 цех ишлаб турибди. Давлат ҳисобида радонли, олтингугуртли, йод, бром, борли, таркибида органик модда бўлган, кремнийли, темирли ва специфик компонентлар ва хусусиятларсиз 10 дан зиёд ер ости Минерал сувлар конлари ва участкалари фаолият кўрсатади.