МИНГБУЛОҚ БОТИҒИ

МИНГБУЛОҚ БОТИҒИ — Қизилқумдаги ботиқ (Навоий вилояти). Бўкантовнинг жан. этаги бўйлаб ғарбдан шарққа 100 км, жан. дан шимолга 30 — 35 км чўзилган. Умумий майд. 5400 км2. М. б. асимметрик синклиналь тарзида тузилган бўлиб, шим. да Бўкантовнинг Тубаберген, Айтим, Кўкпатос тоғлари, ғарб ва жан. дан унча баланд бўлмаган тепаликлар билан ўралган. Ботиқнинг энг паст жойи — 12 м (Қизилқумнинг энг паст жойи). Палеозой, мезозой ва кайнозой ётқизикларидан таркиб топган. Иқлими кескин континентал. Йиллик ўртача т-ра 11 — 15°, йиллик ёғин миқдори 120—140 мм. Шамолнинг ўртача тезлиги 2,3—7,3 м/сек. Бу ерда бир неча булок, сувлари бирлашиб, кичик сой ҳосил қилган. Мингбулоқ ботиғида бўз тупроқ, шўрхок, шўртоблар, қумли ва шағалли тупроқлар учрайди. Эфемер, эфемероид ўсимликлар, саксовул, астрагал ва терескен кўп. Ҳайвонот дунёси, асосан, калтакесак, илон, тошбақа, юмронқозиқ, қўшоёқ, қумсичқонлардан иборат. Мингбулоқ ботиғидан яйлов сифатида фойдаланилади.