МИНОМЁТ (мина ва рус. метать — ирғитмоқ) , мина ирғитқич — силлиц стволли артиллерия қуроли. Душманнинг очиқликдаги ҳамда окоп, траншеялардаги кучларини, ўт очиш воситаларини тормор қилишга мўлжалланган. Оддийлиги, енгиллиги, снаряди (минаси) нинг эгри чизиқ бўйлаб йўналиши ва б. хусусиятлари билан одатдаги артиллерия қуролларидан фарқ қилади. Асосий қисмлари: ствол, қўшоёқ, лафет, таянч плитаси, прицел, бошкарувчи механизм, горизонтни тўғрилаш механизми. Миномётдан осколкали, тутовчи, ёндирувчи ва фугас миналар отилади.
Миномёт биринчи марта рус-япон уруши (1904—05) да рус қўшинлари томонидан қўлланилган. 2-жаҳон уруши (1939—45) да ҳамма армияларда ишлатилган. Миномётлар 81 мм дан 240 мм гача калибрли бўлади. Уларнинг снаряди 3 кг дан 130 кг гача, отиш масофаси 2,5 км дан 10 км гача, жанговар ҳолатдаги оғирлиги 36 кг дан 3600 кг гача. Реактив снаряд (мина) ларни отиш учун реактив Миномётлар ҳам мавжуд. Бундай Миномётлар 2-жаҳон уруши даврида «Катюша» номи билан машҳур бўлган.