МИНОРАТ (лот. Minor — кичик) — кўчмас мулкни мерос қолдириш тизими. Бунга кўра, вафот этган кимсанинг мол-мулки энг кичик ўғил ёки аксарият кичик қизга қолади. Бу тартибда мерос қолдириш қад. ҳинд ҳуқуқий тўпламлари, ўрта асрдаги ҳуқуқий ҳужжатларда қайд қилинган. Минорат майоратнинг акси бўлиб, асосан, деҳқонлар муҳитида ва кўпроқ аҳолининг ўрта ҳол табақалари орасида учрайдиган ворислик тизимидир. 19-а. нинг бошларида Россия қонунида, агар кичик ўғил отаси билан турса, у уй-жой ва б. мулкларга меросхўр бўлган.
Минорат ворислик тартиби, мамлакатимизда ҳам аввалдан мавжуд бўлиб, ҳоз. кунгача сақланиб қолган. Буни биз деярли барча ўзбек хонадонлари мисолида кўришимиз мумкин. Mac, халқимиз одатига биноан, ота-она кўпинча кичик ўғил билан яшайдилар ва улар ўз мол-мулкларини кенжа фарзандга қолдирадилар. Минорат ҳозирда Жан.-Шарқий, Шарқий Осиё мамлакатларида (оилавий муносабатда матриархат қолдиклари кучли сақланиб қолган халқларда) учраб туради.
Заҳро Бегматова.