МИОКАРД ИНФАРКТИ

МИОКАРД ИНФАРКТИюрак томир касаллиги; коронар қон айланишининг бузилиши (артериялар атеросклерози, тромбози, спазми) натижасида юрак мускулида инфаркт ҳосил бўлади. Миокард инфарктининг ривожланишига гипертония касаллиги, кандли диабет, семириб кетиш, кашандалик, кам ҳаракат қилиш, жисмоний ва руҳий зўриқиш сабаб бўлади. Жуда кўп ҳолларда Миокард инфаркти стенокардия заминида рўй беради. Миокард инфарктининг асосий белгиларидан бири юрак мускулининг маълум бир қисмига бирдан кам қон бориши натижасида шу жойда кислород ва озиқ моддалар микдорининг камайиб кетиши туфайли кўкрак соҳасида узоқ муддатли қаттиқ оғриқ пайдо бўлишидир. Асосан, кўкрак қафасининг маркази (тўш орқаси) ёки чап ярмида аччиқ (куйдирувчи), қисувчи давомли оғриқ тутади ва у кўпинча юқорига, ўнгга, чап қўлга ёки иккала қўлга, орқага, пастки жағ соҳасига тарқалади. Оғриқ бир неча соат, баъзан ҳатто бир сутка давом этади, бўшашиш, муздек тер босиши, ўлим ваҳимаси, ҳансираш, юрак фаолиятининг бузилиши, қонда ва электрокардиограмма (ЭКГ) да ўзгаришлар рўй беради. Оғриқ хуружлари билан кечадиган бошқа касалликларда хам ЭКГ да ўзгаришлар бўлиши мумкин. Шунинг учун фақат врач беморни текшириб натижаларини тахлил қилиб, хулоса чиқариши керак. Миокард инфаркти, кўпинча, юрак ишемик касаллигининг зўрайиш даврида юз беради, бунда стенокардия хуружлари кучайиб ва тез-тез такрорланиб туради. Буни инфаркт олди даври дейилиб, бир неча кундан бир неча ҳафтагача давом этади. Шу даврда дарҳол врачга мурожаат этилса, Миокард инфарктининг олдини олиб қолиш мумкин.

Тўш остида қаттиқ оғриқ пайдо бўлганда нитроглицерин наф бермаса, зудлик билан тез тиббий ёрдамни чақириш зарур. Миокард инфарктида нитроглицерин оғриқни охиригача қолдирмасада, уни қайта қабул қилиб туриш лозим. Юрак соҳасига, тўш устига горчичник, оёққа грелка қўйиш, қўлни иситиш билан бемор аҳволини бир оз булсада енгиллаштириш мумкин. Беморни иложи борича тезроқ касалхонага ётқизиш, дастлабки кунлари тиббиёт ходимлари уни узлуксиз назорат қилиб туришлари лозим. Касаллик жуда оғир, ҳаёт учун хавфли ҳисобланса ҳам, ўз вақтида тўғри даво қилинса, бемор бутунлай соғайиб кетиши мумкин.