МИР АЛИ ҲИРАВИЙ

МИР АЛИ ҲИРАВИЙ (?, Ҳирот – 1557) — хаттот ва шоир. Хаттотлик санъатини Зайниддин Маҳмуд ва Султонали Машҳадийдан ўрганган. Ҳиротда Султон Ҳусайн Мирзо ва Бухорода Абдулазизхон (1529 й. дан) кутубхоналарида хизмат қилган. Мир Али Ҳиравий нафис хати ҳамда тез ёза олиши билан замондош хаттотлардан ажралиб турган, уз номига «Султони» ёки «Котиби Султони» унвонини қўшиб ёзиш ҳуқуқига эга бўлган. Мовароуннаҳрда настаълиқ хатининг тарқалишида катта хизмат қилган, кўплаб шогирдлар тайёрлаган. «Медод ул-хутут» (1520) номли рисола ёзиб, унда хаттотлик қоидаларини баён этган. У кўчирган 30 дан ортиқ қўлёзмалар ва 400 дан ортиқ қитъалар бизгача етиб келган: Низомий Ганжавий ва Хусрав Деҳлавийнинг «Хусрав ва Ширин» достонлари (1494, ЎзФАШИда), Абдураҳмон Жомийнинг «Туҳфат ул-аҳрор» (1531, ЎзФАШИда), Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Ахлоқи муҳсиний» ва «Туҳфат ассаловот» (1501, ЎзФАШИда), Ансорийнинг «Илоҳийнома» (1531, ЎзФАШИда) асарлари ва б. ; қитьаларнинг 60 дан ортиғи СанктПетербургдаги Россия миллий кутубхонасида ва бир қисми ЎзФАШИ фондида сақланади.

Ад.: Муродов А., Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан, Т., 1971.

Абдумажид Мадраимов.

Prev Article

МИР