МИР САЙД БАҲРОМ МАҚБАРАСИ

МИР САЙД БАҲРОМ МАҚБАРАСИ — Карманадаги меъморий ёдгорлик (10—11-а. лар). Бир хонали, мурабба тархли (4,5×4,5 м), гумбаз томли. Сомонийлар даври меъморлигига хос услубда пишиқ ғишт (21x21x3 см) дан безакли қилиб қурилган. Пештоқи 3 қисмдан иборат, ҳошияли. Шарафаси ва икки ён томони майда ғиштлардан терилган. Равоқ ҳошиясида куфий ёзувида Қуръондан оятлар битилган. Тобадонига ёй шаклидаги ўйма панжара, устунгўшасига ғиштлар жуфт-жуфт қилиб «қўш» услубида ишланган. Ён ва орқа деворлари безаксиз. Ички гумбаз ости бағали 8 қиррали равоқ (5 ғиштин устун)га таянган. Пештоқи пишиқ ғишт (26,5×26,5×5 см)дан қайта терилган. Макбара бир неча бор таъмир этилиб (1960—70 й. лар), дастлабки кўринишини йўқотган. Мақбара меъморий қисмларининг ўзаро аниқ нисбати, нақшларининг ихчамлиги билан ажралиб туради.