МИРХОНД, Мир Муҳаммад ибн Сайид Бурҳонуддин Хованд-шоҳ ибн Камолиддин Махмуд (1433.22.6 — 1498.24.2) — тарихчи олим. Ота-боболари асли бухоролик бўлиб, фиқҳ илмида машҳур бўлишган. М. Бухорода мадрасани тугатиб, отаси вафотидан кейин Ҳиротга келган. Алишер Навоий М. га йирик бир тарихий асар ёзишни топширган. Унга Халосия хонақоҳида жой, маош тай-инлаб, ўзининг бой кутубхонасидан фойдаланиш учун имкон яратади. Мирхонд шу ерда 1494 й. гача 7 жил дли «Равзат уссафо фи сийратул-анбиё вал-мулук валхулафо» («Пайғамбарлар, подшолар ва халифаларнинг таржимаи ҳоли ҳақида жаннат боғи») асарининг 6 жилдини ёзиб тугатади. «Равзат уссафо»нинг мазмуни қуйидагичадир: 1жилд (дафтар) — дунёнинг яратилишидан сосонийлар сулоласи инқирозигача; 2жилд Муҳаммад (ас.) ва тўрт халифа тарихи; 3жилд умавий ва аббосийлар халифалари тарихи; 4жилд — умавий ва аббосийлар даврида Ўрта Осиё; 5жилд — Чингизхон ва чингизийлар тарихи; 6жилд — Амир Темурдан Абу Сайд вафотигача бўлган давр тарихи; 7жилд — Султон Ҳусайн ва унинг авлоди даври тарихи. Бу жилднинг давомини набираси Хондамир (бобоси вафотидан кейин) ёзиб тугатади. Дастлабки 6 жилд матни Алишер Навоий тахриридан ўтади. Асар матни Бомбай (1845, 1848), Теҳрон 1850-56, 1860; ва Лакҳнав 1874, 1883, 1890 й. лар)да чоп этилган; ўзбекчага таржимаси Муҳаммад Раҳимхон Феруз даври (1865 — 73)да амалга оширилади.
Ад.: Аҳмедов Б., Ўзбекистон тарихи манбалари, Т., 2001.
Наим Норқулов.