МИРЗА САЛИМБЕК ибн Муҳаммад Раҳим (1850—1930) — тарихчи, шоир, давлат арбоби, дипломат. М. С. амирликнинг Тошкентдаги савдо вакили (1873-85); Яккабоғ (1893-98), Нурота (1898—1902), Бойсун (1902—05), Шеробод (1905—09), Шаҳрисабз (1910—13), Чоржўй (1920) вилоятлари ҳокими, Бухоро миршаби (1889). 1885 й. да амир Абдулаҳад жўнатган элчилар таркибида Петербургда бўлган. 1920 й. 29 авг. да қизил қўшинлар томонидан ҳибсга олинган ва амирликнинг бошқа амалдорлари билан Сибирга сургун қилинган. 1922—24 й. ларда Бухоро республикаси «Авкрф», «Анжумани тарих» ташкилотларида ишлаган. Колесов бошлиқ кизил қўшинларнинг Бухорога ҳужуми пайтида (1918 й., март) амирнинг Колесов билан музокара олиб борган вакиллар ҳайъатига раҳбарлик қилган, кейин у девонбеги мансабига, закотчи лавозимига кўтарилган (1917—20). Мирза Салимбек «Тарихи Салимий» (қадимдан амирликнинг 1920 й. гача тарихи), «Кашкули Салимий» («Салимийнинг дарвешлар халтаси») (1913, Тошкент), «Жомеи гулзор» («Гулзор мажмуи») шеърий асар, «Аҳодисилэъмол» («Амалдаги ҳадислар») (1911, Бухоро), «Дурратил воизин» («Воизлар сочган дурлар») (1909, Бухоро), «Мухбирул-ҳикоёт» («Хабар берувчининг ҳикоялари») (1908, Тошкент), «Каъбулахбор ҳикоялари» (1909, Тошкент). Мирза Салимбек тазкира ҳам тузган. Қори Раҳматулла Возехнинг Т«уҳфатул-аҳбоб» («Дилга яқин кишиларга туҳфа») тазкирасини нашрга тайёрлашда, ўзига замондош 100 га яқин шоирлар ҳақидаги маълумотларни унга илова қилган.
Наим Норқулов.