МИРЗАЕВ

МИРЗАЕВ Раҳмат (1878 – Бухоро – 1963) — зардўз, Бухоро зардўзлик мактабининг йирик намояндаси. Узбекистон халқ рассоми (1957). Зардўзликни отаси ва б. усталардан ўрганган. Ёшлигидан Қори Ҳасан устахонасида ишлаган. 1928 й. дан турли артеллар (кейинчалик «Бухоро зардўзлик ф-каси»)да зардўз. Зардўзлик санъатини пухта эгаллаган Мирзаев зардўзлик ривожига катта ҳисса қўшган; анъанавий нақшларни маҳорат б-н қўллаб амалий санъат на-муналарини яратди, нақш мужассамотларини янги хусусиятлар билан бойитди, зардўзи чокларнинг нафислиги ва жозибадорлигига эришди. «Тинчлик кабутари» пешонабанди (1949—50), «Исмоил Сомоний мақбараси» намоёни, рангбаранг мужассамотли («дарҳам», «заминдўзи», «тож», «қуббадўзи» ва б.) дўппиларни мустақил яратган, Навоий театри учун саҳна пардаси (1947, акад. Шчусев чизгиси), «Пахта» (1954, М. Прутская) ва б. зардузи намоёнларни тайёрлашда фаол иштирок этди.