МИРЗАҚУЛТЕПА — илк кушонлар даврига оид қўрғон харобаси (мил. ав. 1-а. охири — мил. 1-а. боши). Термиз ш. аэропорти ҳудудида, қад. Термиз ш. ни сув билан таъминловчи Сурхондарёдан чиқарилган каналнинг ўрта оқимида жойлашган. Ёдгорликнинг квадрат шаклда сақланиб қолган қисми 1 га майд. ни эгаллаб, бал. 3 м ни ташкил қилади. 1973—76 ва 1974—80 й. ларда Ўзбекистон ФА Археология ин-тининг Бақтрия экспедицияси (Ш. Пидаев) томонидан Мирзақултепанинг жан. қисмида археологик тадқиқот ишлари олиб борилган. 2 меъморий босқич қайд этилган. Қазишма ишлари юқори меъморий босқич сатҳида олиб борилган ва қўрғоннинг мудофаа деворлари ва юзга яқин турли ҳажмдаги тўғри тўртбурчак ва квадрат шаклдаги хоналар, кўча ва йўлаклар очиб ўрганилган. Қўрғон ва уй деворлари квадрат шаклдаги хом ғиштдан қурилган ва булар ўзларининг симметрик кўринишлари билан ажралиб туради. Ҳар бир уй 3—5 хонадан иборат. Дон маҳсулотларини хумларда саклайдиган махсус омборхоналар очилган. Мирзақултепадан юқори си-фатли сопол идишлар, темир ва жездан тайёрланган кўзгу, пайконлар, пичоқ ва ўроқлар, тош ёрғучоқлар, тегирмонтошлар, ур-чуқлар, безак бу-юмлар, суякдан ишланган тугмалар, эркак ва аёл маъбудларнинг терракота ҳайкалчалари, аҳоли томонидан илоҳийлаштирилган суворий, хўкиз, фил, маймун, йўлбарс кабиларнинг ҳайкалчалари, сополга битилган бақтр ёзуви ва Юнон-Бақтрия подшоси Гелиокл тангаларига таклид қилиб зарб қилинган жез тангалар ва б. топилган. Аҳоли, асосан, де-ҳқончилик билан машғул бўлган. Мил. 2-а. да Мирзақултепа харобаларида бир неча қабр пайдо бўлган. Мирзақултепадан 300—350 м шим.-шарқда қабристон жойлашган, унда 10 га яқин қабрлар сақланиб қолган.
Ад.: Пидаев Ш. Р., Мирзакултепа — памятник раннекушанского времени Северной Бактрии. Бактрийские древности, Л., 1976; Пидаев Ш. Р., Поселения ку-шанского времени Северной Бактрии, Т., 1978.
Шокиржон Пидаев.