МИРЗО ОЛИМ ТОШКАНДИЙ

МИРЗО ОЛИМ ТОШКАНДИЙ ибн Мирза Раҳим, Мушриф (19-а.) — тарихчи олим, шоир. Қўқон хонлари Худоёрхон ва Маллахон саройларида мушриф (назоратчи) вазифасида ишлаган. 19-а. охирида ёзган «Ансоб уссалотин ва таворих ул-хавоқин» («Султонлар шажараси ва хоқонлар тарихи») асари билан машҳур. Асар Фарғонанинг 15—19-а. лар орасидаги тарихини ўз ичига олади. Муаллиф, айниқса, Кўқон хонлигинит сўнгги даври —1842—76 й. лар тарихини кенг ёритган. Асарда Қўқон адабий муҳити батафсил тасвирланган. Мазкур асар бўйича дастлабки маълумотни Валидий келтириб, 1913 й. да уни Қўқонда Юнусжон додхоҳ кутубхонасида кўрганлигини ёзган. Бир нечта қўлёзма нусхалари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида сақланади. Ўзбек ва тожик тилларида «Мушриф» тахаллуси билан шеърлар ёзган.

Ac: Қўқон хонлиги тарихи (Ансоб уссалотин ва таворих ул-хавоқин), Т., 1995.