МИС ҚОТИШМАЛАРИ

МИС ҚОТИШМАЛАРИмис асосидаги қотишмалар. Инсон яратган биринчи металл қотишма (қ. Жез даври). Бронза, жез ва асосий легирловчи элемента никель бўлган мисникель қотишмалари (қ. Мельхиор) М. қ. жумласига киради. Мис қотишмалари қуйма, деформацияланадиган ва кукунсимон хилларга бўлинади. Қуйма Мис қотишмалари суюқланганда оқувчан бўлади, қотганда унча киришмайди. Деформацияланадиган Мис қотишмалари иссиқлайин ёки совуқлайин босим билан яхши ишланади. Кукунсимон Мис қотишмалари кукунсимон материллар жумласига киради (қ. Кукун металлургияси). М. қ. антифрикцион (ишқаланишга қарши), иссиқбардош, конструкцион, коррозиябардош (занглашга қарши), пружинабоп ва электротехника материаллари сифатида кенг қўлланади. Булар асбобсозлик, машинасозлик, авиация ва кемасозликда, сув-буғ арматураси, бадиий буюмлар, идиштовоклар ясаш ва б. соҳаларда ишлатилади.

Loading...