МИСР ЁЗУВИ — мил. ав. 4минг йилликдан то мил. 3—4 а. гача қадимги миср тили учун хизмат қилган сўз-бўғинли ёзув тизими. Унинг дастлабки асосини 500 дан ортиқ иероглиф (белгирасм) ташкил этган бўлиб, улар тасаввурий ҳолда муайян тушунчалар билан боғланиб, тушунчаларни сўзларда ифодалаганлар. Бу даврдаги ёзувда, асосан, ундошлар ифодаланиб, унлилар ихти-ёрий қўлланган. Кейинчалик, мил. ав. 2-минг йилликдан бошлаб Миср ёзувининг иератик (муқаддас) тури яратилди. Унда иероглифлардан ҳам маълум даражада фойдаланилган булсада, сўзларни ёзишда фонетик маъно ва ўхшашликларга эътибор берилади, асосан, тез ёзиш кўзда тутилади. Мил. ав. 7-а. дан бошлаб иератик ёзув асосида Миср ёзувининг янги тез ёзув усули — демотика (халқона тез ёзув) ишлаб чиқилди. Демотик ёзувда белгилар анчагина соддалаштирилиб, бир неча ундошни ифодаловчи белгилар камайтирилиб, уларнинг ўрнига бир ундошни ифодалайдиган белгилар қўллана бошлаган. Демотик Миср ёзуви мил. 3—4-а. ларгача қўлланиб келган.