МИТОЗ

МИТОЗ (юн. mitos — ип) , кариокинез — эукариот ҳужайраларнинг бўлиниб кўпайиш усули. Митоздан олдин ҳужайра бўлинишга тайёргарлик даври (интерфаза)ни ўтади. Интерфазада ДНК, оқсил, АТФ синтез бўлади. Натижада хромосомалардаги ДНК миқдори икки ҳисса ортади (қ. Хромосомалар). Бу жараён репликация дейилади. Митоз 4 фаза: профаза, метафаза, анафаза, телофазадан иборат. Профазада хромосомалар спираллашиб, йириклаша бошлайди; ядро мембранаси ва ядроча емирилиб, хромосомалар цитоплазмага таркалиб кетади. Профаза охирида центросомалар ҳужайра қутбларига жойлашиб олади; улар ўртасида микронайчалардан иборат ахроматин ипчалар пайдо бўлиб, бўлиниш дуки ҳосил бўлади. Метафазада хромосомаларнинг спираллашиб йўғонлашуви давом этади. Метафаза охирида хромосомалар ҳужайра марказида бўлиниш ўқи экваторида жойлашиб олади. Бу фазада ҳар бир хромосома 2 та хроматилдан иборат бўлиб, улар центромераси орқали ўзаро бириккан, хроматидлар эса бўлиниш дуки ипларига илашган бўлади. Анафазада хроматидлар ўртасидаги боғланиш узилиб, ҳар бир хромосома 2 та мустақил хроматидга ажралади. Ахроматин ипчаларнинг қисқариши туфайли хромосомалар қарама-қарши қутбларга тарқала бошлайди. Телофазада хромосомалар кугбларга жойлашади; спирали ёйилиб улар яна узун ипчалар — хроматидлар шаклига киради ва ёруғлик микроскопда кўринмайдиган бўлиб қолади; ядроча қайта тикланади; ядро мембранаси ҳосил бўлади. Цитоплазма ўртасида ботиқлик пайдо бўлиб, чуқурлаша бориши ва ҳужайранинг тенг иккига бўлиниши билан телофаза тугалланиб, яна қайтадан интерфаза бошланади.

Митозда содир бўладиган жараенлар нерв системаси ҳамда буйрак усти бези, гипофиз, қалқонсимон без, жинсий безлар ва б. секреция безлари ишлаб чиқарадиган гормонлар орқали нейрогуморал система томонидан бошқарилади. Митознинг кеча-кундузлик мароми муҳитдаги кечакуидуз давомида содир бўлиб турадиган ўзгаришлар ва организмлар активлиги билан боғлиқ. Митознинг давомийлигига ҳужайранинг ўлчами, ядронинг плоидлиги, атроф муҳит шароити (хусусан, ҳарорат) таъсир қилади. М ҳайвон ҳужайраларида 30—60 мин., ўсимлик ҳужайраларида 2—3 соат давом этади. Митознинг биологик аҳамияти бўлинишга киришган дастлабки она ҳужайра хромосомаларининг бўлинишдан кейин хрсил бўладиган иккита янги қиз ҳужайралар ўртасида тенг тақсимланишидан ва битта ҳужайра бўлиниб, унга айнан ўхшаш иккита ҳужайранинг вужудга келишидан иборат. Митоз даорганизмнинг ўсиши ва ривожланиши, шикастланган ҳужайраларнинг тикланиши, ўлган ҳужайралар ўрнига янги ҳужайралар ҳосил бўлиши таъминланади. Баъзан Митоз тугалланмай қолиши туфайли кўп ядроли — полиплоид ҳужайралар пайдо бўлади ёки политен хромосомалар вужудга келади (яна қ. Мейоз, Амитоз, Эндомитоз).