МИХАИЛ ФЁДОРОВИЧ

МИХАИЛ ФЁДОРОВИЧ (1596.12.7 – Москва — 1645.13.7) — Россия тарихида романовлар сулоласининг асосчиси (1613Й. 21 авг. дан). Бояр Ф. Н. Романов (кейинрок, патриарх Филарет)нинг ўғли. Москвадан поляк босқинчилари ҳайдаб чиқазилгач, боярлар ташаббуси билан Земство собори 16 ёшли Михаил Фёдоровични подшо қилиб кўтарган. Иродасиз, касалманд Михаил Фёдорович подшолик даврида давлат ишларини идора этиш унинг яқин қариндошлари ва отаси (расмий равишда улуғ ҳукмдор унвонига эга бўлган) Филарет (1619—33 й. гача), кейин боярлар қўлида бўлган. Михаил Фёдорович ҳукумати мамлакатда урушни тўхтатиш мақсадида Швеция билан Столбов сулҳи (1617), Польша билан Деулин яраш ахдини (1618) тузган. Лекин Смоленск ва б. рус ерларини қайтариб олиш мақсадида 1632—34 й. ларда Польша билан яна уруш олиб борган. Михаил Фёдорович даврида Сибирни эгаллаш бўйича тадбирлар давом эттирилган, қрим татарларига қарши мудофаа истеҳкомларини қуриш жадал олиб борилган.