МИХХАТ

МИХХАТ — қадимда Олд Осиёда қўлланган, мих ёки поначаларга ўхшаш чизиқча (белги)ларни лой тахтачаларга ўйиб туширишдан иборат идеографии ёзув тури, мил. ав. 3минг йиллик бошларида шумерлар томонидан яратилган. Бунда айрим буюмлар ва умумий тушунчаларнинг номи расмлар билан ифодаланган, мас, оёқ тасвири «юриш», «туриш», «олиб кетиш» маъ-ноларини англатган. Бундай белгилар миқдори 1000 тагача етган. Шумер М. и дастлаб юқоридан пастга, кейинчалик горизонтал ҳолда — чапдан ўнгга қараб ёзилган. Мил. ав. 3минг йилликнинг ўрталарида Миххатнинг сўз-бўғинли шакли пайдо бўлган, белгилар микдори 600 тагача қисқартирилиб, расм-белгилар соддалаштирилган. Айни шу даврда шумер Миххати аккадликлар (бобилликлар ва оссурияликлар) томонидан ўзлаштирилиб, сомий тилларга мослаштирилган, белгилар сони 300 тага туширилган. Аккадликлар ишлаб чиққан Миххат кейинчалик, мил. ав. 2 — 1 минг йилликлар даврида бир қанча қўшни халқлар тиллари (хетт, элам, урарт, қад. форс ва б.)га мослаштирилган ҳолда қўллана бошлаган. Бу даврда Миххатлар ҳарфтовушбўғин ёзувларига анча яқинлашиб, шундай ёзувларнинг келиб чиқишига асос бўлган. Мил. ав. 1минг йиллик охирларида Миххатлар ўрнини оромий ё’зуви эгаллаган.

Миххатда битилган жуда кўп ёдгорликлар — тарихий ёзувлар, турли расмий ҳужжатлар, оғзаки ижод намуналари, луғатлар, илмий асарлар, диний матнлар сақланиб қолган. Турли халқларга мансуб Миххатларни ўрганиш, дешифровкалаш 19-а. дан, аниқроғи, 1802 й. дан бошланиб, 20-а. нинг ўрталаригача давом этган. Немис, француз, инглиз, чех, рус олимлари Миххатларни дешифровкалашда фаол иштирок этиб, бу соҳада кўплаб и. т. лар олиб борганлар.

Ад.: Фридрих И., История письма, пер. с нем., М., 1979.

Loading...