МОБИЛИЗМ

МОБИЛИЗМ (лот. mobilis — харакатчан) — Ер пусти (литосфера) материк бўлакларининг геологик давр мобайнида бир-бирига нисбатан (бир неча минг км гача) горизонтал ва қутбий силжиши ҳақидаги илмий фараз (гипотеза). М. фиксизм, яъни бундай силжишини инкор этувчи ва Ер пўсти ривожланишини вертикал ҳаракатларга боғловчи гипотезага муқобил қўйилади. Материкларнинг силжиши ҳақидаги илмий далиллар билан асосланган да-стлабки гипотеза 1910—12 й. ларда америкалик олим Ф. Тейлор ва немис геофизиги А. Вегенерлар томонидан таклиф қилинган. Мобилизмнинг ҳоз. замон варианти — «янги глобаль тектоника» (ёш плиталар тектоникаси), асосан, океанлар туби тузилиши ва магнит майдонларини ўрганиш натижаларига, шунингдек, палеомагнитизм маълумотларига асосланган. Бу тасаввурларга мувофиқ, материк бўлакларидан ташқари унга ёндош океан туби Ер пўстининг мантия юқори қисми катта майдонларини ҳам қамраб олувчи яхлит плита жуда секинлик билан (йилига ўртача 1 — 5 см) ҳаракатланади. Плиталар океан ўрта тизмаларидан ёш бурмаланган минтақаларга ва ороллар ёйига қараб ҳар икки томонга силжиб боради. Бу ерда ўзаро яқинлашаётган плиталардан бирининг олд чеккаси эгилма синиқ бўйлаб анча чуқурликка чўкади, натижада катта сейсмик ҳаракатлар вужудга келади; бошқа плитанинг материк пўстида сиқилиши оқибатида бурма ва сурилмалар ҳосил бўлади. Сурилган палахсалар ортида чўзилиш структуралари — рифтлар вужудга келади. Плиталар ажралган жойдаги ёриққа юқори мантиядан моддалар кўтарилиб рифт зоналарида янги пуст шаклланади; бу билан океан туби майдони кенгаяди. Бир-биридан ажралиб кетган палеозой материклари — Гондвана (Жан. Америка, Африка, Хиндистон, Австралия ва Антарктидани ўз ичига олган) ва Лавразия (Шим. Америка, Европа, Осиёнинг шим. ярми)нинг геологик тузилиши ва улар материк ён бағри чизиқларининг ўзаро ўхшашлигидан келиб чиқиб палеотектоник бир бутунлик ғояси таклиф қилинган. Буни палеоиқлим ва палеомагнит маълумотлари ҳам тасдиқлайди. Мезозой ва кайнозой даврларида содир бўлган силжишлар натижасида Тетис геосинклиналь океани бутунлай барҳам топиб, янги — Ҳинд ва Атлантика океанлари вужудга келди. Материклар ҳаракатининг асосий сабабчиси сифатида мантия моддасининг конвенция оқими кўрсатилади.

Prev Article

МНЕМОНИКА