МЎҒУЛЛАР ДАВЛАТИ

МЎҒУЛЛАР ДАВЛАТИ — 13-а. нинг 1-ярмида Чингизхон ва унинг ворисларининг истилочилик урушлари натижасида барпо этилган давлат. 1206 й. баҳорда Мўғулистондаги турли тоифа қабилалар сардорларининг қурултойида Темучин хон этиб тайинланган ва унга «Чингизхон» («Улуғ хон») деб ном берилган, ташкил этилган давлат «Якка монгол улус» деб аталган. Чингизхон ҳокимиятни мустаҳкамлаш йўлида бир қанча ислоҳотлар ўтказган. Жумладан, минг оилани бир маъмурий бирликка бўлишга асосланган ва ҳарбий тус берилган янги маъмурий тузум жорий этилган. Унга кўра, Чингизхонга тобе бўлганлар жами 95 та «минг оила» бирлигига бўлиб чиқилган ва буларнинг ҳар бирига уруш даврида Чингизхонга садоқат б-н хизмат кўрсатган кишилар бошлиқ қилиб тайинланган. Лекин амалда айрим мингликлар бир неча минг оиладан иборат ҳам бўлган. Мин-гликларни ташкил этишда имкон борича бир тоифадаги қардош авлодларни ва қабилаларни бир-биридан ажратмасликка эътибор берилган. Мазкур «минг оила»лар, ўз навбатида, ғарбий «ўнг қанот» ва шарқий «сўл қанот», марказий ва тоғликлар каби 4 қисмга бўлинган. ҳар бир минг оила юзликка ва ўнликка бўлинган. Аҳолини рўйхатга олиш ишлари амалга оширилган. 15 ёшдан 70 ёшгача бўлган эркаклар ҳарбий хизматга яроқли деб топилган. Қўшинда қаттиқ тартиб ўрнатилган, қонунбузарлар учун қаттиқ жазо, қонун устуворлигини ҳимоя қилганларга эса ҳурмат билдирилиб, мукофот белгиланган. Савдо йўллари, авваламбор Буюк ипак йўлининг хавфсизлигини таъминлаб, ундан тўла фойдаланишга эътибор берилган. Бу тадбирлар Чингизхон ҳокимиятини мустаҳкамлашда ижобий самара берган.

Чингизхон мўғуллардан кўп сонли яхши қуролланган, қаттиқ ин-тизомга асосланган ва уюшган қўшин тузади. 13-а. муаллифи Жувайнийнинг ёзишича, осойишталик даврида чорвачилик билан машғул бўлган барча мўғул аҳолиси муқораба эълон қилиниши билан тезда ўн, юз, минг, ўн минг жангчи — туман бўлинмаларидан иборат мунтазам қўшинга айлантириларди. Ҳар бир жангчи ҳарбий юриш вақтида ўзита зарур бўладиган қурол-яроғ, турли ан-жомлар ва от-уловларини олдиндан тайёрлаб қўйишга мажбур бўлган. Қўшин юзбоши, мингбоши, туманбошилар томонидан бошқарилган. Туман бўлинмаларига, одатда, шаҳзодалар қўмондонлик қилган. Асосий қўшиндан ташқари, Чингизхон ихтиёрида ҳарбий зодагонлардан тузилган махсус гвардия («кешик») ҳам ташкил этилади. Бу гвардия фақат фавқулодца содир бўладиган хавф-хатарга қарши ташланарди. Давлат маъмуриятини марказлаштириш мақсадида Чингизхон Қорақурум қалъасини ўз империясининг пойтахтига айлантиради. Хатсаводга мутлақо эга бўлмаган, маданияти ни-ҳоятда тубан мўғуллар давлат бошқарув ишларида уйғурлардан ҳамда мусулмон савдогарларидан фойдаландилар. Чингизхон ва нўёнларининг маслаҳатчилари, мирзолари ва баъзи бир мулк маъмурлари, асосан, уйғурлардан бўлган. Mac, Шарқий уйғурлар хони Идиқут (Саодатбек) хоннинг яқин дўсти ва маслаҳатчиси эди. Ташатун исмли уйғур эса давлат муҳрдори лавозимини ҳамда шаҳзодаларни хатсаводга ўргатувчи устод вазифасини бажарган. Чингизхон тарқоқ жангари мўғул уруғларини бирлаштиргач, тажо-вузкорликсиёсатини юргизди (қ. Мўғуллар истилоси). Забт этилган ўлка ва вилоятларни Чингизхон 1224 й. да ўғиллари ва набираларига тақсимлаб берди. Жан. Сибирь, Дашти Қипчоқ, Волга бўйи, Хоразм ва Дарбандгача бўлган ўлка Чингизхоннинг тўнғич ўғли Жўжига (унинг вафотидан кейин эса, набираси Ботуга мерос бўлган) топширилди, Шарқий Туркистон, Еттисув ва Мо-вароуннаҳрга унинг 2-ўғли Чиғатой эга бўлди. Чингизхон ўз ватани Мўғулистонни, шунингдек, Хитойни 3-ўғли ва вориси Ўқтойга берди. Кенжа ўғли Тулуға эса Хуросон, Эрон ва Ҳиндистон тегди. Шундай қилиб, мўғуллар босиб олинган вилоятларни улусларга тақсимлаб бошқаришга киришади.

Чингизхоннинг набираси Мункэ ҳукмронлиги даврида (1251—59) Мўғуллар давлати таркибига Мўғулистон, Шим. Хитой, Корея, тангутларнинг Си-Ся подшолиги, Марказий ва Ўрта Осиё, Закавказье, Эрон, Афғонистон ва Русь ерларининг аксарияти кирган. Бироқ, Мўғуллар давлатида ички бирлик йўқ эди, у турли тилларда сўзлашувчи кўплаб халқларни зўрлик билан бирлаштирган эди, бу халқлар турли ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиёт босқичида бўлиб, уларнинг кўпчилиги тараққиёт даражасига кўра мўғуллардан анча устун эдилар. Мункэ ўлимидан сўнг Мўғуллар давлати парчаланиб кета бошлаган. Ундан дастлаб Боту (1236—55 й. лар ҳукмронлик қилган) ва Хулоку (1256—65 й. лар ҳукмронлик қилган) улуслари ажралиб чиқиб, мўғуллар сулоласи ҳукмронлиги остида мустақил давлатлар тузганлар (Олтин Ўрда, Ҳулокуийлар давлати). Бу давлатлар Мўғуллар давлати ишларига аралашмаганлар ва ўз навбатида, бошқаларнинг ҳам уларнинг ишларига аралашишига йўл қўймаганлар. Мункэнинг ўрнига тахтга чиққан укаси Хубилай (1260— 94 й. лар ҳукмронлик қилган) даврида мўғуллар Хитойнинг бутун ҳудудини босиб олишган. Хубилай ва унинг ворислари салтанати Юань деб атала бошлаган. 1368 й. Хитойдаги халқ қўзғолони натижасида мўғуллар у ердан қувилганлар. Куликово жангиц&ч сўнг мўғулларнинг Русдаги ҳукмронлигига дарз кетган. 14-а. нинг 2-ярмида Эрон, Закавказье ва Ўрта Осиёда мўғуллар ҳукмронлиги тугатилган. 14-а. нинг сўнгги чорагида Мўғуллар давлати барҳам топган. 15-а. да Эсенхон (1440— 55 й. ларда хонлик қилган) ва Даянхон (1479—1543 й. ларда хонлик қилган) каби ҳукмдорлар бирлашиб Мўғуллар давлатини тиклашга ҳаракат қилдилар. Аммо бу ҳаракатлар натижа бермади. Даянхоннинг ўлимидан кейин мамлакат Жан. Монголия ва Шим. Монголияга бўлиниб кетди. Шим. Монголия ҳам, ўз навбатида, Ғарбий ва Шарқий қисмларга ажралди. 16-а. да Монголиянинг 3 қисмида жами 200 ҳокимлик (князлик) мавжуд эди.

Абдулаҳад Хўжаев, Абдулаҳад Муҳаммаджонов.

Prev Article

МЎҒУЛИСТОН

Next Article

Н