МОЛИБДЕН

МОЛИБДЕН (юн. molibdos — қўрғошин; лот. Molybdaenum) , Mo — Менделеев даврий системасининг VI гуруҳ элементи. Тартиб раками 42, ат. м. 95,94. М. ни 1778 й. молибдат кислотаси ва унинг тузлари сифатида К. Шееле очган, 1790 й. П. Гьельм ажратиб олган металл ҳолдаги Молибден намунаси таркибида углерод ва Молибден карбиди бўлган. Металл ҳолдаги соф Молибденни 1817 й. Й. Я. Берцелиус олган.

Молибден табиатда кам тарқалган, Ер пўстидаги массаси — 3-10~4%. 20 га яқин минерали мавжуд, булардан муҳими графитни эслатувчи молибденит MoS (молибден ялтироғи)дир. Повелит СаМоО4, молибдит Fe2(MoO4)3nH2O ва вульфенит РЬМоО4 минераллари ҳам саноат аҳамиятига эга бўлиб, кварцланган жинслар ва гидротермал ҳосилалар таркибида учрайди. Рудаларда Молибден шеелит, вольфрамит, касситерит, мис ва темир сульфидлари, баъзан берилл тоши билан ассоциацияланган ҳолда бўлади. АҚШ, Мексика, Чили, Канада, Норвегия, Австралия ва Россияда конлари мавжуд. Молибденнинг табиатда масса сони 92, 94, 95, 96, 97, 98 ва 100 бўлган 7 та баркарор изотопи бор. Оксидланиш даражаси +2 дан +6 гача.

Молибден парамагнит, 0,916 К да ўта ўтказувчанлик ҳолатига ўтади, механик хоссалари уни и. ч. пайтидаги механик ва термик шароитларга боғлиқ. Оддий шароитда баркарор, 400° дан юкррида оксидланади, 600° дан юкррида эса Молибден (III) – оксид МоО3 ни ҳосил қилади. Фтор, хлор ва бром билан қиздирилганда галогенидлар вужудга келади. Олтингугурт ва водород сульфид билан қиздириб юқори ҳароратларда Молибден (П)сульфид MoS2 олинади, кремний билан 1200° дан юкррида силицид беради. Молибден зар суви, нитрат кислотаси ва водород пер-оксидда эрийди, сульфат ва нитрат кислоталари аралашмаси унга тез таъсир этади. Оддий шароитда ишкррлар эритмаси таъсирига чидамли, аммо қиздирилганда қаттиқ эритмалар ҳосил қилади. 1000° да 100 г М. 0,5 см3 водородни ютиши мумкин. 1100—1200°да углерод, углеводородлар ва углерод (П)-оксид Молибден билан бирикиб, Мо2С ни ҳосил қилади. Унинг МоВ2, МоВ ва Мо2В5 каби боридлари маълум. Улар кулранг кристаллар бўлиб, сув ва органик эритувчиларда эримайди. Электрон асбобларда, керметлар ва оловбардош материаллар сифатида ишлатилади.

Молибденнинг гексакарбонили (МоСО)() сувда эримайди, концентрланган H2SO4, HNO3, HC1 таъсирида парчаланади. Ундан металлар, керамик бу-юмлар ва графитни крплашда (молибденлашда) фойдаланилади. Молибден диселенид MoSe2 қаттиқ мойлагич сифатида қўлланади. Молибден дисилицид MoSi2 эса электр печлари қиздиргичлари матери-али сифатида ва молибден буюмларни қоплашда ишлатилади.

Саноатда Молибден рудалардан ажратиб олинади. Молибденни алюмотермия йўли билан МоО3 дан олиш истиқболли усуллардан ҳисобланади.

Молибден пўлат и. ч. да легирловчи қўшимча, авиация, ракета ва атом техникасида иссикликка чидамли ҳамда антикоррозион қотишмалар тайёрлашда қўлланади.

Ад.: Базарова Ж. Г., Сложные оксиды молибдена и вольфрама с элементами 1— IV групп., М., 1990; Ахметов Н. С, Общая и неорганическая химия, Молибден, 1981.

Қудрат Ахмеров.

Loading...