
МОЛИБДЕНИТ
МОЛИБДЕНИТ, молибден ялтироғи — сульфидлар синфига мансуб минерал, кимёвий таркиби MoS2; 60% Мо ва 40% S дан иборат. Ҳар вақт оз микдорда Re қўшимчаси бўлади. Гексонал сингонияли. Варақсимон ва тангасимон агрегатлардан иборат. Ранги қўрғошсимон кулранг, металлсимон ялтироқ. Қаттиқлиги 1, зичлиги 4620 — 4800 кг/м3. М. ниҳоятда юқори т-рали шароитда грейзенли, кам ҳолларда пегматитли конларда вольфрамит, топаз, кассетерит, флюорит, халькопирит, пирит ва б. минераллар билан бирга ҳосил бўлади. Ренит изотоплардан бирининг изобар ўзгариши ҳисобига ниҳоятда қимматбаҳо ҳисобланган радиогенли изотоп ҳосил бўлади. Молибденитнинг йирик конлари контактли метасоматик гранат-пироксенли скарнларда, шунингдек, гипотермал ва мезотермал кварцмолибденли руда томирларида мавжуд. Йирик конлари Ўрта Осиё, Кавказ, АҚШ, Мексика, Норвегияда, Ўзбеки-стонда эса, асосан, Олмалиқ атрофида бор.