МОШХЎРДА

МОШХЎРДА — суюқ таом. Масаллиғи ва тайёрлаш усулига кўра, қиймали Мошхўрда, гўштли жазлама Мошхўрда, пўстдумбали Мошхўрда каби турлари бор. Гўштли ёки пўстдумбали Мошхўрда тайёрлаш учун гўшт ёки пўстдумба майда қилиб тўғралади. Пиёз, помидор, кубик қилиб тўғралган сабзи ва б. масалликлар доғланган ёғда яхшилаб қовурилади, сўнгра сув қуйилади, зираворлар, ювилган мош солинади ва милдиратиб қайнатилади, мош очилгач, туз ва гуруч солинади, яна 20—25 мин. қайнатилади. Тайёр таом оловдан олиниб, бир оз «дам едирилади», сўнгра косаларда, майда тўғралган кашнич, кўк пиёз, райҳон сепиб, дастурхонга тортилади. Алоҳида идишда қатиқ ёки сузма қўйилади.