МОЦАРТ

МОЦАРТ (Mozart) Вольфганг Амадей (1756.27.1, Зальцбург – 1791.5.12, Вена) — австриялик композитор. Вена классик мактабининг йирик намояндаси. Созанда, ўқитувчи ва композитор. Леопольд Моцартнинг ўғли ва шогирди. Ёшлигиданоқ ноёб мусиқий истеъдод ва хотира эгаси, виртуоз созанда (пианиночи, скрипкачи), моҳир дирижёр ва композитор сифатида танилган: 5 ёшидан илк мусиқа асарларини ижод этган, 6 ёшдан бутун Европа бўйлаб гастролда бўлган. 1770 й. дан Болонья Филармония академияси аъзоси. Зальцбург князьархиепископ саройида концертмейстер (1769—77) ва органчи (1779—81), Австрия императори Иосиф II саройида мусиқачи ва композитор (1787 й. дан).

Маърифатчилик даври ғоялари таъсири остида камол топган Моцартнинг ижоди 18-а. нинг бадиий чўққиларидан бири. Моцарт услубида классицизмгахос рационализм мезонлари билан бирга сентиментализм хусусиятлари ўзаро туташган. Кенг қамровли мусиқийбадиий образлар дунёсида жўшқинлик ва чуқур эҳтирос, ирода ва матонат, айни пайтда нафислик ва майинлик хусусиятлари кенг ўрин олган. Унинг шодлик, хушчақчақ туйғуларга бой, ҳаётбахш ижодида фожиа мавзулари, дард-алам кайфиятлари ҳам чуқур ифода топган. Энг йирик мусиқа усталари ўртасида Моцарт ўз ижодининг серқатламлиги ва кенглиги билан ажралиб туради. Моцарт деярли барча мусиқа жанрларига мурожаат этиб, 600 га яқин асар яратган, мусиқа тарихида гўзаллик ва мукаммал гармония тимсоли сифатида ўз номини қолдирган. Моцарт операнинг янги турларини яратган. «Фигаронинг уйланиши» опера-комеди-яси (1786), «Дон Жуан» опера-драмаси (1787), «Сеҳоли флейта» миллий опера-эртаги (1791) ва б. (жами 17 та) жаҳон мусиқали те-атри хазинасининг дурдоналарига айланган. Булардан «Заида» (1780), «Ҳарамдан олиб қочиш» (1782), «Қо-ҳира ғози» (1783) каби операларида Шарқ мавзуларига мурожаат қилган. Моцарт ижодида симфония (50 га яқин), чолғу концерт (40 га яқин), торли квартет (23 та), фортепиано сонатаси (21 та) ривож топди. Моцарт, шунингдек, турли чол-ғу асарлар, кантата, месса, камер ансамбллар, қўшик/iap муаллифи. Унинг сўнгги асари — «Реквием» (1791, шогирди Ф. Зюсмайер тугаллаган) мазкур жанрнинг мумтоз намунасига айланган. Зальцбургда халқаро «Моцартеум» (таркибида илмий, ўқув, концерт бўлимлари мавжуд) муассасаси фаолият кўрсатмоқда (1880 й. дан).

Ад.: Левик В.,Чет эл мусиқаси тарихи Т., 1984.

Loading...