МОВАРОУННАҲР (араб. — дарёнинг нариги томони) — ўрта асрларда ислом мамлакатларида кенг тарқалган географик атама. Унинг худди шу маънони англатган форс тилидаги «Вароруд» ва «Варожайхун» шакллари ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси аввал (11 – а. гача) Хуросон вилоятининг давоми сифатида, 11-а. бошидан эътиборан эса Туркистон, яъни Қорахонийлар давлати ва ундан кейинги туркий давлатлар таркибидаги маъмурий бирлик сифатида тушунилган. 11-а. да Европа тарихшунослигида мазкур араб атамасининг лотинча таржимаси бўлмиш янги «Трансоксиана» ёки «Трансоксания» атамалари муомалага киритилган.
Ҳоз. замон тарихий-географик илмий адабиётда Мовароуннаҳр деганда, асосан, Туркманистондан ташқари бўлган Ўрта Осиё ҳудудлари, яъни, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг жан. қисми тушунилади.
Мовароуннаҳр атамаси илк бор пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) ҳақидаги ҳадисларда тилга олинган. Афтидан бу атама араблар орасида исломгача бўлган даврларда ҳам маълум бўлиб, у вақтда (мил. 6-а.) Сосонийлар давлатидан шим.-шарқда, Жайхун, яъни Амударёнинг орқасида жойлашган Турк хоқонлигига қарашли ерларни англатган. Қад. форс манбаларидаги маълумотларга таянган араб географ олими Ёқут Ҳамавий Мовароуннаҳр атамасини Турон мамлакатининг номи деб билган. Араблар ўзларининг шарққа қилган илк юришлари давомида (7-а. нинг 2-ярми — 8-а. нинг боши) икки хил тушунча ҳақида маълумотга эга бўлганлар: «ма дуна-ннаҳр», яъни «да-рёнинг пастки томони», ва «ма варо-аннаҳр» — «дарёнинг нариги томони». Улардан биринчиси Хуросондан шарқда Амударёдан жан. да Ҳиндукуш тоғларигача бўлган Тохаристон ерларини; иккинчиси эса, Амударёдан шим. да жойлашган Шим. Тохаристон ва Суғд ерларини ўз ичига олган. 9—10а. ларда яшаган ва Ўрта Осиё ҳудудларига тавсиф берган араб географларидан фақат ал-Истахрий ва Ибн Ҳавқал уларга нисбатан Мовароуннаҳр атамасини махсус ишлатганлар. Бошқа араб географлари эса Ўрта Осиё ҳудудлари хдқида сўз юритганларида Мовароуннаҳр атамасини жуда тор маъ-нода ишлатиб, уни Хуросоннинг давоми ёки ал-Машриқ (Шарқ)нинг бир қисми сифатида тасвирлаганлар. Ал-Машриқ тушунчасига эса улар Хуросон ва Мовароуннаҳр ерларидан ташқари, Хинди-стон, Хитой ерларини ва ҳатто Ҳинд ва Тинч океанларидаги Япониягача бўлган оролларни киритганлар (Ибн Хурдодбеҳ).
11-а. бошидан эътиборан Мовароуннаҳр истилоҳи ҳудуд жиҳатдан айрим манбаларда Суғд ва Хоразм, бошқаларида эса Суғд ва Шим. Тохаристон ерларини ўз ичига олган. Маъно жиҳатдан эса бу атама энди Туркистон, яъни Қорахонийлар давлати, кейинчалик эса Хоразмшоҳлар, Чиғатоийлар, Темурийлар ва Шайбонийлар давлатларининг таркибидаги маъмурий бирликни англатган.
Шундай қилиб, Мовароуннаҳр атамаси ўрта аср манбаларида турлича талқин қилиниб, географик ҳудуд сифатида аввал Турон, Турк хоқонлиги ёки Туркистон мамлакати (7-а. гача), кейин Хуросон (7 — 10-а. ларда) ундан ҳам кейин Туркистон (11а. дан бошлаб), маълум вақт эса Хоразм (12-а. нинг охири — 13-а. нинг боши) таркибига киритилган. Демак, бу атама фақат географик маънога эга бўлиб, ҳар хил даврларда турли давлатлар — Турк хокрнлиги, Араб хали-фалиги, шунингдек, Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшохлар ва б. давлатларнинг таркибига маъмурий бирлик сифатида кирган. Бу атама ҳақида турли манбаларда келтирилган маълумотларнинг йиғиндиси ҳам ҳудудий жиҳатдан «Ўрта Осиё» атамасини англатадиган Туркистон табиийгеографик ўлкасининг барча ерларини қамраб олмайди. Чунки, мазкур минтақа таркибига кирган Шим. Хуросон (Туркманистон), Еттисув (Қозоғистон) ва Жан. Тохаристон (Афғонистон) ерлари ҳеч қандай манбаларда Мовароуннаҳр таркибига киритилмаган. Шунинг учун, Мовароуннаҳр атамасининг ўрта асрларда ишлатилган энг кенг маънодаги тушунчаси таркибига шартли равишда фақат Амударё ва Сирдарё оралиғида жойлашган ерларни киритиш мумкин.
Лд.: Маҳмуд Кошғарий, Девону луғотит турк (Туркий сўзлар девони, таржимон ва нашрга тайёрловчи С. М. Муталли-бов), 3 ж. ли, Т., 1960—1963; Маҳмуд ибн Вали, Море тайн относительно доблестей благородных, Т., 1977; Кама лиддинов Ш. С, Историческая география Южного Согда и Тохаристана по арабоязычным источникам IX — начала XIII вв., Т., 1996.
Шамсиддин Камолиддинов.