МОХОВ (араб, махв — йўқ қилиш ёки четлатиш) , лепра, проказа — бутун организмни, хусусан, тери, нерв системаси ҳамда ички аъзоларни зарарлайдиган сурункали инфекцион касаллик. Уни кислотага чидамли мохов микобактерияси (Mycobactererium leprae Hansen) қўзғатади.
Касаллик тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Айрим тарихий қўлёзмаларда таъкидланишича, милоддан 3 — 3,5 минг йил аввал М. Мисрда учраган. Мўғулистон, Хитой каби давлатларда эса милоддан 2—2,5 минг йил илгари бу касалликка чалинган беморлар тўғрисида маълумотлар бор.
Мохов Европа давлатларида лепра деб юритилади ва шу ном билан жаҳон тиббиёт номенклатурасига киритилган.
Мохов қўзғатувчисини биринчи бўлиб, Норвегия врачи Герхард Хансен 1871 й. да аниқлаган ва унинг номи билан Хансен таёқчалари деб юритилади. Таёқчалар тузилиши ҳамда айрим хусусиятлари билан сил таёқчаларига ўхшаб кетади.
Мохов билан фақат одамлар касалланади. Бемор соғ одам билан узоқ вакт маиший мулоқотда бўлганда юқади. Моховга катталарга қараганда болалар кўпроқ мойил бўлади. Шунинг учун аксарият ҳолларда хасталик беморнинг яқин қариндошларига, айниқса, фарзандларига тез юқади.
Касаллик аста-секин бошланади. Инкубацион даври 4—6 ойдан 5—6 йилгача, баъзан бундан ҳам узоқроқ. Спиртли ичимликларга ружу қилиш, кўп чекиш, ёлчитиб овқатланмаслик, санитариягигиена қоидаларига риоя қилмаслик бу даврни қисқартириши мумкин. Инкубацион давр охирига келиб, беморнинг дармони қурийди, иситмаси кўтарилади, невралгик оғриқ, чов ва сон лимфа тугунларининг катталашиши, бурун қуриб, қонаб туриши кузатилади.
Моховнинг дифференциалланмаган, туберкулоид ва лепроматоз шакллари бор. Дифференциалланмаган (доғли) шаклида терининг айрим жойларида қизғишоқимтир, оқимтир-пушти рангли каттакичик доғлар пайдо бўлади. Улар тери дамидан бир оз кўтарилиб туради. Соч тўкилади: терининг сезувчанлиги олдин ошиб, кейин йўқолади. Қулоқорқаси, бўйин, елка ва тирсак нервлари йўғонлашади. Бу шакл 4—5 й. дан кейин туберкулоид ёки лепроматоз шаклига ўтади. Туберкулоид Моховда терида каттакичик кизил тугунчалар ҳосил бўлиб, бирбирига қўшилиб кетади. Лепроматоз Мохов ўта юқумли ва оғир ўтади. Беморнинг пешонасида, оғзи-бурни атрофида, жағлари териси ва қулоқ супрасида жойлашган тугунлар унинг қиёфасини ўзгартириб қўяди. Касаллик ўчоғи соҳасидаги тери сезувчанлиги йўқолиб, айниқса, қош ва киприклар тўкилиб, беморни хунук қилиб қўяди.
Тугун ва дўмбоқчалар қаттиқлашади, улар мошдек, ҳатто нўхатдек бўлиши мумкин. Баъзан тўқиманинг геморрагик компонентлари қўшилиб, унинг ранги зангсимон бўлиб қолади. Оқибатда тўқималарнинг қон билан таъминланиши ёмонлашади, терида, айниқса, қўл-оёқ терисида ҳадеганда битавермайдиган тропик яралар пайдо бўлади. Катта тугунлар ва инфильтратлар чу-қур яралар ҳосил қилади.
Кўз мугуз пардасининг инфильтратланиб яраланиши баъзан беморни бутунлай кўр қилиб қўяди. Марказий нерв системасидаги ўзгаришлар беморда невротик бузилишларга (невроз, психоз), периферик нерв системасининг яллиғланиши эса қаттиқ оғриқ билан кечадиган неврит ва полиневритга сабаб бўлади. Қўл ва оёқларда (бармоқлар ва панжаларда) оғриқ, т-ра ва тактил сезувчанлик йўқола бошлайди. Трофик ўзгаришлар натижасида беморнинг бармоқлари худди қурбақа ёки тюлень панжаларига ўхшаб қолади. Оёқ ва қўл де-формацияланиб, мутиляция (бармоқларнинг тушиб кетиши) кузатилади.
Кўз қовоқлари мускулларининг кичрайиши оқибатида беморнинг кўзи охиригача ёпилмай қолади (лого-фтальм). Юз нервининг зарарланиши оқибатида мимика мускуллари атрофияланиб, беморнинг юз кўриниши ниқоб кийган ёки қайғули одамга ўхшаб қолади.
Моховлар махсус ташкил этилган лепрозорийларда даволанади. Беморнинг оила аъзолари тери касалликлари диспансери назоратига олинади.
Сўнгги йилларда касалликнинг олдини олиш ва даволашга оид мукаммал чоратадбирлар ишлаб чиқилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, бутун дунёда Мохов касаллиги 2005 й. га келиб деярли йўқотилади.