МОЙЧЕЧАК

МОЙЧЕЧАК (Matrigaria) — мураккаб-гулдошлар оиласига мансуб бир йиллик ўтсимон ўсимлик туркуми, доривор экин. 50 дан ортиқ тури бор. Асосан, Европада, Жан. Сибирда, Кавказ, Ўрта Осиёда учрайди. Кўпгина мамлакатларда, шу жумладан, Ўзбекистоннинг Тошкент, Наманган вилоятларидаги доривор экинлар етиштириладиган хўжаликларда доривор Мойчечак (М.recutito) тури (читтигул) экилади. Доривор Мойчечакнинг бўйи 40 см. Пояси бир ёки бир нечта, тик усади, тепа қисмидан шохланади. Барглари икки карра патсимон қирқилган. Тўпгули (саватчаси) оқ, тилсимон уруғчи гуллардан иборат. Гуллари оқ, сариқ, хушбўй. Июнь— июль ойларида гуллаб уруғлайди. Таркибида 0,8% эфир мойи, кумаринлар, флавоноидлар, каротин ва б. моддалар бор. Тиббиётда қўлланилади. Мойчечак ҳосили (тўпгули) бир неча марта йиғиштириб олинади.. Ҳосилдорлиги: қуруқ тўпгули 3—4ц/га, уруғи 0,8—1 ц/га. Яна қ. Доривор ўсимликлар.