
МОЙЛИСУВ НЕФТЬ-ГАЗ КОНИ
МОЙЛИСУВ НЕФТЬ-ГАЗ КОНИ — Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги кон. Мойлисой ш. дан 6 км жан. да. 1907 й. да топилган. Жами 5 та структуранинг туртинчиси саноат аҳамиятига молик. Кон жойлашган ҳудуд шим. дан жан. томон 1600 м дан 600 м гача пасайиб боради. Дастлабки нефть 1948 й. ковланган қудуқдан отилиб чиққан. 1950 й. дан нефть ва газ олина бошлади. Газ уюмлари бўр ётқизиқлари горизонтларида аниқланган.
Мойлисув нефть-газ кони палеозой, мезозой ва кайнозой эрасига мансуб жинсларда жойлашган. Палеозой ётқизиқлари тўқ яшил аргиллитдан иборат. Мезозой ётқизиқлари юра ва бўр қатламларидан ташкил топган, қалинлиги 60—70 м бўлган кулранг ва қизғиш қумтош, алевролит ҳамда гилтошлардир. Бур даври ётқизиқлари умумий қалинлиги 900— 1000 м қалинликдаги гилтош ва алевролитлардан тузилган. Палеогеннинг умумий қалинлиги эса 250—286 м. Бақтрия ётқизиқларида структуранинг уз. 13—14 км, эни 3,5 км. Коннинг 9 та горизонтида газ мавжуд. Горизонтларнинг умумий қалинлиги 52 м гача, ғоваклиги 10—25%. Қатлам босимини дастлабки кўрсаткичи 16,8 — 33,2 Мпа. Уюмнинг уз. 2,5—5 км, эни 1,0—2,1 км. Қудуқлар дебити 5—523 минг м3/сут. Газнинг ҳавога нисбатан зичлиги 0,626—0,670. Метан микдори 94,6—96,8%. Қатлам сувлари, асосан, хлоркальцийли.