Knowledge Base
Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси

МОЗОРҚЎРҒОН

МОЗОРҚЎРҒОН (археологияда) — чорвадор қабила сардорларининг мозори. Узоқўтмишда мулкий тенгеизлик ва синфий табакаланиш жараёни жадал кечаётган замонларда, айниқса, чорвадор қабилалар жамоасида оламдан ўтган бадавлат уруғ ва қабила сардорларининг жасадини оддий кабиладошларидан алоқида кўмиш одат тусини олган. Анъанага кўра, ёғоч ёки лойдан махсус жасадхона қурилиб, унинг қоқ ўртасига шоҳона кийимдаги сардор жасади солинган тобут ўрнатилган. То-бут атрофига ва бутун хона бўйлаб сардорга тегишли қурол-аслаҳалар, металл (олтин, кумуш, жез) ва сопол идишларда марҳумга овқат қўйилган. Хонанинг деворларига гилам, нақш солинган намат ёки гулдор матолар осилиб, хона томи хари ва хасчўплар б-н ёпилган. Сардор жасадхонаси этагига унинг хотинларидан бир ёки бир нечасини шахсий бойликлари билан бирга, байрамона либосда кўмилган. Жасадхона атрофига, Мозорқўрғон остига«нариги дунёда» сардорга хизмат қилиши учун унинг отларидан ва хизматкорларидан бир нечасини ўлдириб кўмиш одат бўлган. Сўнг, қабрлар устига сонсаноқсиз тошлар уюми ҳосил қилиниб, унинг устига қалин тупроқтортилган. Натижада, баландлиги ва диаметри бир неча метрли сунъий тепалик ҳосил бўлган. Археологияда бундай сукунат маскани Мозорқўрғон номи билан юритилади. Ана шундай Мозорқўрғонлар чорвадор қабилалар яшаган минтақаларда жез, илк темир ва антик даврда Қора денгиз ва Каспий денгизи атрофидаги чўлларда (Солоха, Келермес), Закавказьенинг тоғ олди минтақаларида (Майкоп, Триалети), Олтой ва Жан. Сибирь ерларида (Башадар, Позирик, Салбик, Аржан), Орол денгизи атрофларида (Тагискен) қамда Қозоғистон чўлларида (Дандибой, Бегози) пайдо бўлган. Мозорқўрғон ларнинг асоси, одатда, ярим шар, овал, квадрат шаклида бўлган. Уларнинг диаметри 3—4 м дан то 50 м гача, бал. эса 2—3 м дан то 20 м гача бўлган. Ҳар бир Мозорқўрғон оила хилхонаси ёки уруғ қабристони ҳисобланган. Мулкий табақаланиш ўсиши билан бой ва камбағаллар кўмилган Мозорқўрғонлар ўртасидаги фарқ кучайган. Шарқий Европа, Жан. Сибирь, Шим. Кавказ, Олтой ва Қозоғистон чўлларидаги уруғ ва кабила оқсоқолларининг Мозорқўрғон лари ўзларининг бойлиги ва катталиги билан ажралиб турган. Аҳмадали Асқаров.