МУАММО

МУАММО (араб. — кўр, кўр қилинган) — ўзбек мумтоз адабиётида шеърий жанр; поэтик санъат тури. Унда бирор сўз, исм (ёки бош ҳарфлари), сана ва б. яшириб берилади. Кўпинча 1 байт, баъзан 2 байтдан иборат бўлиб, унда бирор сўз ёхуд фикр сўз ўйини асосида яширинган бўлади. Агар шеърий байт бошдан охир шу асосга қурилган ва тугалланган бўлса, Муаммо дейилади. Шунчаки байтлар орасида келса, шеърий восита, поэтик санъат деб қаралади. Муаммони тузиш (яратиш) ва очиш (ечиш)нинг бир неча усуллари мавжуд. Кўпинча ундаги бирор сўз очқич вазифасини ўтайди. Араб тили грамматикаси қоидалари, араб алифбоси ҳарфларининг шаклий рамзлари, абжад ҳисоби ва б. ни билиш Муаммо учун зарур. Ўзбек мумтоз адабиётида Муаммо чилик зехн ва идрокни тарбия қилиш мактаби ҳисобланган. Шоирнинг маҳорати Муаммони еча олиш қобилиятига қараб белгиланган.

Дастлаб Шарафиддин Али Яздий («Ҳулали мутарраз дар фанни муаммо ва луғз» — «Муаммо ва луғз фани тўғрисида безатилган ипак кийимлар»), сўнг Абдураҳмон Жомий («Рисолаи муаммои кабир» — «Муаммо ҳақида катта рисола»; «Рисолаи муаммои сағир» — «Муаммо ҳақида кичик рисола»), Алишер Навоий («Рисолаи муфрадот») ва б. М. ёзиш қоидалари хақида асарлар ёзганлар. Навоийнинг 500 га яқин, Бобурнинг 600 га яқин Муаммо лари етиб келган.

Ад.: Атоуллоҳ Ҳусайний, Бадойи уссанойи, Т., 1981; Орзибеков Р., Лирикада кичик жанрлар, Т., 1976.