МУҲАММАД АМИНХОН

МУҲАММАД АМИНХОН (1817-55) — Хива хони (1846—55). Оллоқулихоннинг ўғли. Хива хонлигини иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган олдинги хонлар сиёсатини давом эттирди. Атрофидаги барча исёнкор туркман қабилаларини бўйсундирди ва хонлик даромадини оширди. Муҳаммад Аминхон ўз ҳукмронлиги даврида Хуросон ва Марвга 10 мартадан кўпроқ қўшин тортиб борди. Хонлик пойтахти бўлган Хива ш. да ва унинг атрофида кенг миқ-ёсда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб борди. Хива ш. да қурилган Муҳаммад Аминхон Мадрасаси ва унинг ёнидаги ҳашаматли Кўк (Калта) минора шулар жумласидандир. Ҳали битмаган минорани шу давр шо-ирлари «Фалак айвонига қўйилган ус-тундек» деб таърифладилар. Муҳаммад Аминхон Хоразм пойтахтини Кўҳна Урганч (қад. Гурганж)га кўчириш учун у ерда ҳам кўп қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга оширди. Лекин, Сарахс (Туркманистон)да туркманлар билан бўлган жангда ҳалок бўдди.

Ад.: Маньковская Л., Хива, Т., 1982; Худойберганов К., Хива хонлари шажараси, Урганч, 1996; Абдурасулов А., Хива [тарихий-этнографик очерклар], Т., 1997.