Knowledge Base
Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси

МУҲАММАД ҒУРИЙ

МУҲАММАД ҒУРИЙ, Муизиддин Муҳаммад (?—1206) — ғурийлар сулоласидан бўлган султон; Ҳиндистон фотиҳи. 1173 й. акаси Ғиёсиддин Муҳаммад Ғурий Ғазни вилоятини босиб олгач, Муҳаммад Ғурий унга ҳоким этиб тайинланган. 1175 й. Шарқий Афғонистон ва Шим. Ҳиндистонга босқинчилик юришлари қилишни бошлаган. 1186 й. сўнгги ғазнавийлар пойтахти Лоҳурни босиб олиб, Ғазнавийлар давлатига хотима берган. 1192 й. Гораин ёнида Шим. Ҳиндистоннинг ражпут ҳукмдорлари қўшинларини тормор келтирган ва бир неча йил ичида Ганг дарёси водийсидаги кўплаб ерларни эгаллаб олган. Ғиёсиддиннинг вафотидан сўнг (1203), Ғурийлар давлати султони бўлган. Бу давлат ҳудуди Афғонистоннинг катта қисми ва Шим. Ҳиндистондан таркиб топган. Х,индларнинг гакҳар қабиласи томонидан ўлдирилган (1206). Муҳаммад Ғурий салтанати харобаларида Деҳли султонлиги барпо этилган.