МУҲАММАД ҲАЙДАР

МУҲАММАД ҲАЙДАР Дуғлот, Мирзо Ҳайдар (1499, Тошкент — 1551, Қашқар) — тарихчи, давлат ар-боби. Муҳаммад Ҳусайн кўрагоннинг ўғли, онаси Хуб Нигорхоним Юнусхоннинг кичик қизи, Бобурнинг онаси — Кутлуғ Нигорхонимнинг синглиси эди. 1508—09 й. ларда Шайбонийхон буйруғи билан отаси қатл қилингач, ёш Муҳаммад Ҳайдарнинг ҳаёти хавф остида қолади. Муҳаммад Ҳусайннинг ишончли кишиларидан бири Мавлоно Муҳаммад кўп қийинчиликлар билан Муҳаммад Ҳайдарни Бухородан Бадахшонга олиб қочади. 1509 й. Кобулга — Бобур саройига олиб келади. Бобур унга юксак эҳтиром кўрсатади. Мирзо Ҳайдарнинг ёзишича, Бобур унга ота ўрнида оталик қилади. 3 йилдан сўнг Мирзо Ҳайдар Андижонга — Султон Саъидхон ҳузурига кетади ва хоннинг охирги кунигача у билан бирга бўлади. 1514 й. Қашқарда Султон Саъидхон ҳокимияти ўрнатилгач, Мирзо Хайдар у билан бирга Қашқарга келади. Хон барча қўшин салоҳияти ва салтанат ишларини унга ишониб топшириб, чекланмаган ҳуқуққа нойил қилади, шунингдек, Султон Саъидхоннинг ўғли — валиахд Абдурашиднинг тарбиясини хам унга топширади. Султон Саъидхон даврида Мирзо Ҳайдар Бадахшон, Кофиристон, Тибет, Лодак ва б. кўпгина ҳарбий экспедицияларга раҳбарлик қилади. 1533 й. да Султон Саъидхон вафот этгач, тахтга унинг ўғли Абдурашид ўтиради. Аммо, Дуғлотлар хонадонида вужудга келган қарама-қаршиликлар Муҳаммад Ҳайдарни мамлакатни ташлаб кетишга мажбур кидали. Муҳаммад Ҳайдар аввал Бадахшонда саргардонликда юриб, сўнгра Лоҳурга — Бобурнинг ўғли Комрон Мирзо ҳузурига боради. 946/1539—40 – й. ларда М. Ҳ. Аграда Ҳумоюнга қўшилади.948/ 1541 й. да Қашқар забт этилгач, Муҳаммад Ҳайдар бобурийлар номидан Қашқарда ҳукмронлик қилади. Ҳақиқатда эса ўз-ўзига мустақил ҳукмрон эди. Тоғ қабилалари билан бўлган тўқнашувда Муҳаммад Ҳайдар ҳалок бўлган.

Муҳаммад Ҳайдар машҳур «Тарихи Рашидий» номли асар ва «Жаҳоннома» номли географияга оид туркий шеърий рисола му-аллифи. «Тарихи Рашидий» Шарқий Туркистон, Қозоғистон ва Ўрта Осиёнинг 15 — 16-а. 1-ярмидаги тарихига оид қимматли манбадир. Муҳаммад Ҳайдар бу асарини Кашмирда, бир неча йил мобайнида ёзган. Асар 2 қисм — «дафтарлар» (китоблар)дан иборат. 1қисмда Мўғулистон ва Қашқарда ҳукмронлик қилган чиғатоийлар тарихи — Туғлуқ Темур давридан Абдурашидхон (Рашидхон) давригача изчил баён этилган бўлиб, у 1546 й., яъни 2қисмдан кейин ёзилган. 2қисм 1541—42 й. ларда тугатилган, у ҳажм жиҳатдан 1қисмдан тўрт марта катта бўлиб, муаллифнинг хотираларидан иборат. Бу асар «Бобурнома» каби мемуар адабиётнинг ёрқин намунаси ҳисобланади.

Ас: Мирзо Мухаммад Хайдар, Тарихи Рашиди (Введение, пер. с перс. А. Урунбаева, Р. П. Джалиловой, Л. М. Епифановой), Т., 1996.

Турғун Файзиев

Loading...