МУҲАММАД КОЗИМ

МУҲАММАД КОЗИМ (1720/21, Марв — 1753) — Эрон тарихчиси, вазир, Нодиршоҳнинг акаси Иброҳимхон саройидаги амалдор оиласида туғилган. Отаси ва Муҳаммад Козим Нодиршоҳ ва унинг ўғиллари саройида хизмат қилишган. М. К. Нодиршоҳнинг катта ўғли Ризоқули Мирзо саройида лашкарнавис (1739 — 41) бўлиб, Нодиршоҳ саройида девон хизматчиси (1744—47) ва 1747 й. Марвдаги қурол-аслаҳа вазири бўлган. Нодиршоҳнинг ҳарбий юришларида қатнашган ҳамда унинг турли топшириқларини бажарган хонга яқин тўралардан бири ҳисобланган. Муҳаммад Козим «Номаи оламарои Нодири» («Машҳур Нодир-шоҳга бағишланган рисола») номли асар муаллифи. Асар 3 жилддан иборат. 1жидд — Эрондаги асосий воқеалар, 1689—1736 й. лардаги Нодиршоҳнинг туғилганидан то Эрон шоҳи этиб сайланган давригача мамлакатнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаёти баён этилган. 2жилд — Эрон, Афғонистон, Ўрта Осиё, Шим. Ҳиндистон ва б. мамлакатлардаги воқеаларни (1736—43) (Нодиршоҳнинг тахтга ўтиришидан, Ширвондаги қўзғолоннинг бостирилишигача бўлган даврни) ўз ичига олади. 3жилд — Эрон, Ўрта Осиё, Туркия ва Закавказьедаги сиёсий воқеалар ёритилган (1743—47). Муҳаммад Козимнинг асари Эрон ва Ўрта Осиёнинг 18-а. ярмига оид муҳим манбадир.