МУҲАММАД ШАРИФ БУХОРИЙ, ал-Алавий, Муҳаммад Шариф ибн Муҳаммад ал-Ҳусайний ал-Бухорий (1609—1697) — бухоролик файласуф ва тарихчи. Фалсафа, тасаввуф, тарих, фиқх., тилшунослик, шеърият, астрономия соҳасида 20 дан ортиқ асарлар ёзган. «Аррисола аддаврия» («Даврийлик ҳақида рисола») асари макон ва замон масалаларига бағишланган, Адудиддин ал-Иджийнинг «Адудиййа ақидалари шарҳига ҳошия» ва Саъдуддин Тафтазонийнинг «Мавлавий Шариф таҳзиб шарҳига ҳошия» асарларига шарҳлар ёзган. Файласуфнинг «Девони Шариф» ёки «Ғазалиёти Шариф» номи билан танилган девони ҳам мавжуд бўлиб, турли котиблар томонидан кўчириб келинган. Унинг араб тилшунослигига оид «Ҳошияи Мавлавийи Шариф бар фавойиди Зиёиййа» («Мавлавийи Шарифнинг Зиёий фойдаларига изоҳи») асари бўлиб, у «Ал-Қофия»га шарҳ сифатида ёзилган. Бундан ташқари, «Жомеъ улмасойил» («Масалалар мажмуи»), «Зубдат ул – афкор», «Ақоид асослари ҳақида рисола», «Мавлавий Шариф рисоласи», «Назм улмухтасар» ва б. асарлар муаллифи.
Муҳаммад Шариф Бухорий Мир арабмадрасасиая мударрислик қилган. Унинг «Китоби фавойиди хоқониййа» («Хоқонга фойдали маслаҳатлар китоби») асари 25 боб ва 32 фаслдан иборат бўлиб, унда шариат қонунқоидалари, ижтимоий ҳаёт ва ахлоқий муаммоларга оид маълумотлар, ҳукмдорлар тўғрисида қизиқарли лавҳалар мавжуд.
Ад.: Ўзбекистонда ижтимоий-фалсафий фикрлар тарихидан, Т., 1995; Нуритдинов Муҳаммад шариф бухорий, Из истории общественнофилософской мысли Средней Азии в XVI—XVII веках, Т., 1996; Маънавият юлдузлари, Т., 2001; Ҳошимхонов Муҳаммад шариф бухорий, Машраби мўътабар ўзим, Т., 2002.
Қаҳрамон Ражабов.