МУҲАММАД

МУҲАММАД Хоразмшоҳ, Муҳаммад II Алоиддин, Алоиддин Муҳаммад (тўлиқ исми Қутбиддин Муҳаммад ибн Такаш ибн Эларслон ибн Ануштегин) (тахм. 1182 — 1220 й. дек.) — Ануштегинийлар сулоласидан бўлган Хоразмшоҳлар давлати ҳукмдори (1200 й. 3 авг. — 1220 й. дек.). Отаси — Такаш хоразмшоҳ, онаси Тур-кон хотун қипчоқ хони Жонкишининг қизи. Муҳаммад 1193 й. дек. да отаси томонидан Нишопур ш. га волий (ҳоким) қилиб тайинланган 1198 й. да халифа Носир Такашга ва унинг ўғли Қутбиддин Муҳаммадга шараф либоси ва Хуросон, Туркистон ва Ироқ ажами султони эканини тасдиқловчи маншур (ёрлиқ) жўнатган. Такаш вафотидан сўнг Хоразмшоҳлар давлати тахтига Қутбиддин Муҳаммад ўтирди. У отасининг Алоиддин лақабини, кейинроқ эса Санжар (иккинчи) номини қабул қилди. Муҳаммад даврида салтанат ҳам ҳудудий, ҳам куч-қудрат жиҳатидан ўзининг юксак чўққисига етган. Муҳаммад даврида Хоразмшоҳлар давлати шим. да Орол, ғарбда Каспий денгизигача, жан. да Ироқ ва Ғазнагача, шарқда Еттисувгача кенгайган. 1207 й. да Хуросонда ва Форс Ироқида ўз мавқеини мустаҳкамлаб олган Муҳаммад эътиборини Моваро-уннахрга қаратди. Бунга сабаб қорахонийларнинг сўнгги ҳукмдори Усмон ибн Иброҳимнинг қорахитойларга қарши курашда (қ. Малик Санжар қўзғолони) ёрдам сўрагани бир баҳона бўлди. Хоразмшоҳ қўшинлари қорахитойларнинг Тайангу бошлиқ қўшини билан Иламиш саҳросида тўқнашди. Бу жангда кррахитойлар мағлуб бўлиб, Мовароуннаҳрдан Ўзгандгача бўлган ерлар Хоразмшоҳ тасарруфига ўтди. Муҳаммад ўзига Искандари Соний лақабини ҳам олди ва саройда Зулқарнайн навбаси (шоҳ кириши шарафига мусиқий мадҳия) ни жорий қилди. Қорахитойлар давлатини тормор қилиб, шарқий чегараларидан хотиржам бўлгач, Форс Ироқини, Мозандарон, Аррон, Озарбай-жон, Ширвон, Микрон, Мингқишлоқ, Кеш, Сижистон, Ғур, Ғазна, Бомиёнларни забт этиб, Хиндистон чегараларигача етиб борди. М. Мовароуннаҳрни бутунлай эгаллагач, Хитойга қўшин тортмоқчи бўлган, аммо 1215 й. Чингизхоннкж Пекинни босиб олганини эшитгач, у ҳақида тўлиқ маълумот тўплаш учун Баҳоуддин Розий бошчилигида Мўғулистонга элчилар юборди. Шу тариқа ҳар икки томон бир неча марта бир-бирларига элчилар юбориб турганлар. 1218 й. Чингизхоннинг шахсий вакили Уҳуна бошлиқ 500 туядан ортиқ элчи ва савдогарлар карвони Ўтрорга кириб келди. Ўтрор ҳокими Инолчиқ, карвонни ушлаб, элчиларни қатл эттирган (қ. Ўтрор воқеаси). Муҳаммаднинг давлатини яхши ўрганган Чингизхон Хоразмга қарам халқларнинг норозилигидан, лашкарбошилар орасидаги низолардан, Муҳаммаднинг онаси Туркон хо-тун қариндошлари орасидан чиққан амалдорлардан фойдаланиши ҳамда Муҳаммаднинг мўғуллар ҳужуми хабарини эшитиб амалга оширган нотўғри тадбирлари (ҳар бир шаҳар ўз-ўзини ҳимоя қшшши; раиятдан 1 йил учун 3 баробар хирож йиғиши) сабабли му-ваффақиятга эришди. Чингизхон Хоразмга юриш қилиб Ўтрор (1219), Бухоро ва Самарқанд (1220)ни босиб олди. М. Мовароуннаҳрни ташлаб Хуросон тарафга қочди. Чингизхоннинг 20 мин-глик қўшинининг тинимсиз таъқиб қилиши Муҳаммадга ўз кучларини қайта тўплаб, нафасини ростлашга имкон бермади. Каспий денгизининг Ашур о. га бориб қолган Муҳаммад қаттиқбетоб бўлиб қолди ва умрининг охирида олдинги қарорини ўзгартириб, ўғли Қутбиддин Ўзлоқшоҳнинг ўрнига Жалолиддин Мангубердини валиахд деб эълон қилди. Ўша оролда вафот этди ва шу ерда дафн этилди. Кейинчалик Жалолиддиннинг фармойишига кўра, Муҳаммаднинг жасади Исфаҳондаги хоразмшохларнинг хотирасига қурилган мадрасага кўмиш учун Ардаҳн қалъасига келтирилган.

Манба: Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий, Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти тафсилоти, Т., 1999.

Ад.: Буниёдов 3., Ануштегин хоразмшоҳлар давлати (1097-1231), Т., 1998.

Неъмат Полвонов.

Loading...