МУҲАНДИСЛИК ГЕОЛОГИЯСИ — геологиянинг Ер пусти юқори қатламларининг ҳоз. геологик шароитлари ва динамикасини муҳандисликқурилиш ва б. хўжалик тадбирлари нуқтаи назаридан ўрганадиган соҳаси.
Муҳандислик геологиясининг асосий вазифаси — геологиянинг турли иншоотларни лойиҳалаш, қуриш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ амалий масалаларни ечиш. Шунингдек, Муҳандислик геологияси географик муҳитдан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишда муҳим роль ўйнайди. Муҳандислик геологиясининг илмий йўналишлари: муҳандисликгрунтшунослик — тоғ жин-сларининг таркиби ва муҳандислик-геологик хоссаларини табиий жойлашган ерида ва лаб. да ўрганади. Регионал грунтшунослик яхши ривожланган бўлиб, алоҳида тоғ жинслари ва тупроқнинг Муҳандислик геологияси хусусиятлари ва тарқалиш қонуниятларини тадқиқ этади; м у ҳандислик геодинамикаси — табиат ҳодисалари ва одамларнинг муҳандислик ва хўжалик фаолияти билан боғлиқ ўзгариш ва жараёнлар (сурилмалар, сел, карст, чўкиш ва ҳ. к.)ни ўрганади ва уларнинг олдини олиш, бартараф этиш ҳақида тавсиялар ишлаб чиқади; регионал Муҳандислик геологияси — Ер пусти турли қисмларида муҳандислик-геологик шароитларининг ўзгариш қонуниятлари характерини ўрганади. Шунингдек, муҳандислик геоэкологияси, сейсмология, шахарлар, денгиз М. г. ва б. ривожланмоқда. Муҳандислик геологияси хариталарида барча геологик омиллар кўрсатилади.
Иншоотларнинг замини ҳақидаги билимлар қадим замонлардан тўплаб келинган. Қадимда маҳобатли саройлар, мақбара ва миноралар, гидротехника иншоотлари, ибодатхоналар қуришдан олдин муҳандислар амалий тажрибалари ва устоз-шогирд ворислиги асосида қурилиш бўладиган ерни пухта ўрганиб, иншоотларга салбий таъсир кўрса-тувчи чўкиш, ер қимирлаш, сув босиш каби жараёнлар ҳисобга олинган, уларни олдини олиш учун зарурий чоралар кўрилган. Муҳандислик геологияси амалиётига риоя қилиб тикланган ёдгорликлардан Миср эҳромлари, Ҳиндистон ва Ҳиндихитойдаги ибодатхоналар, Хива, Бухоро, Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз ва б. қадимги шаҳарлардаги Мадраса, минора ва б. меъморий иншоотларнинг аксарияти ҳозиргача сақланган. Муҳандислик геологиясининг Европада пайдо бўлиши ва ривожланиши 19-а. нинг 2-ярмида, т. й., туннель, кўприк, метрополитенлар қурилиши билан боғлиқ бўлган.
Ўзбекистонда Муҳандислик геологиясининг ривожланиши ирригация иншоотлари (Катта Фарғона, «Дўстлик» ва б. каналлар), гидротехника иншоотлари (Чирчиқ — Бўзсув ГЭСлар каскади, Чорвоқ сув омбори ва ГЭС), Мирзачўл, Далварзин, Қарши чўлларини ўзлаштириш, эски шаҳарларни қайта қуриш, янги шаҳарлар бунёд этиш билан боғлиқ бўлди. Муҳандислик геологияси 20а. 30-йилларидан тез ривожлана бориб, алоҳида фанга айланди. Тош-кентда 1927 й. дан турли лойиҳалаш ташкилотлари таркибида Муҳандислик геологияси бўлимлари, геология муассасаларида отрядлар ва ҳ. к. бўлган. 1952 й. «Ўзбекгидрогеология» трести ва унинг таркибида Муҳандислик геологияси экспедицияси, 1960 й. даТошкентда Гидрогеология ва муҳандислик геологияси илмий тадқиқот ин-ти («Гидроингео») ташкил этилди. Ўзбекистонда Муҳандислик геологияси соҳасидаги тадқиқотлар ва илмий ишланмалар жаҳон андозасидан кам эмас. Муҳандислик геологияси ривожига К. Тердаги (АҚШ), М. Арнольд (Франция), Д. Смит (Англия), Р. Вольтер (Германия), Ф. П. Саваренский, В. А. Приклонский (РФ), Ўзбекистонда О. К. Ланге, F. О. Мавлонов, К. П. Пўлатов, Э. В. Мавлонов ва б. ҳисса қўшганлар.
Ад:. Қодиров Э. В., Шерматов М. Ш., Акбаров X. А., Мавлонов Э. В., Одилов А. А., Табиий муҳитни муқофазалашнинг геологик асослари, Т., 1999; Назаров М. 3., Инженерлик геологияси, Т., 1985; Эргашев И., Инженерлик геологияси ва гидрогеология, Т., 1990.