Knowledge Base
Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси

МУҲИДДИНХЎЖА ҚОЗИ

МУҲИДДИНХЎЖА ҚОЗИ (1841 – Тошкент —1902 й. март) — ўзбек маърифатпарвари. Сўнгги Тошкент қозикалони — Ҳакимхўжа ўғли. Тошкент, Бухоро мадрасаларида таҳсил олган. Тошкентнинг Себзор даҳасидаги Исахонхўжа мадрасасида мударрислик қилган. Тошкент рус аскарлари томонидан қамал қилиниб аҳоли қирилиб кетиш арафасида турган. 1865 й. июнида Муҳиддинхўжа қози Абулқосим эшон, Солиҳбек охунд ва ўз отасининг топшириғига кўра, ғоят хавфли вазиятда MX. Черняев қарорго-ҳига борган, унга махсус мактуб топшириб, шаҳарни нисбатан енгил шартлар билан таслим бўлиши тадбирларини кўрган. Отаси вафотидан сўнг, 60-й. лар охиридан — Себзор даҳаси қозиси. 80-й. лар бошида Сатторхон, кейинроқ Фурқат билан янги ўзбек маърифатпар-варлигига асос солишда қатнашган, замонавий илм-фан, техника ва илғор маданият тарғиботи билан шуғулланган. Муҳиддинхўжа қози 1884 й. дан «Туркистон вилоятининг газети» билан ҳамкорлик қилиб, илк ўзбек публицистларидан бири си-фатида танилган. Муҳиддинхўжа қози ўтмиш маданий обидаларини авайлаб сақлашга жиддий эътибор қаратган. Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарининг жаҳонда ягона мукаммал нусхаси Муҳиддинхўжа қози ва авлодлари саъйҳаракати билан бизгача етиб келган ва республикамиз мустақилликка эришгач, тўлалигича нашр этилган.

Муҳиддинхўжа қози 1886 й. Себзор даҳасидаги 3сон рус-тузем мактабини қурдирган ва умрининг охиригача унга фахрий нозир бўлган. Маърифатпарварлик фаолияти, шунингдек, 1892 й. «вабо қўзғолони»га хайрихохдиги учун Муҳиддинхўжа қози чор маъмурларининг кўплаб таъқиб ва тазйикларига учраган, шунга қарамай ўз илғор ғояларига содиқ қолган.

Ад.: Юсупов Щ., Ўзбек маърифатпарварлик адабиёти ва Фурқат, Т., 1992; Тарих ва адаб бўстони, Т., 2003.

Шариф Юсупов.

Prev Article

МУҲИДДИНОВ

Next Article

МУҲИТДИНОВ