МУЛКИЙ ЗАРАР

МУЛКИЙ ЗАРАР (ЎзРда) – жисмоний ёки юридик шахсга етказилган моддий зарар. М. з. ва уни қоплаш масалалари фуқаролик хуқуқига тааллук,ли масалалардир. Умумий қоидага биноан, етказилган Мулкий зарар тўла миқдорда қопланиши керак. Етказилган Мулкий зарарни камроқ миқдорда қоплашга фақат қонун ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади. Мулкий зарар «ҳақиқий зарар» ва «бой берилган фойда» каби туркумларга бўлинади. Ҳақиқий зарар деганда, бузилган мулкий ҳуқуқни тиклаш учун қилинган ёки қилиниши керак бўлган харажатлар, мол-мулкнинг йўқолиши, камайиши, нобуд бўлиши, шикастланиши тушунилади. Бой берилган фойда деганда, зарар кўрган шахснинг ҳуқуқлари бузилмаганида олиниши мумкин бўлган, лекин олинмай қолган даромад тушунилади. Амалдаги фуқаролик кодексида Мулкий зарар мулкий ва ашёвий ҳуқуқлар бузилган такдирда қўлланиши мумкин бўлган жавобгарлик си-фатида белгиланган. Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ушбу органларнинг мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шунингдек, ушбу органларнинг қонунга мувофиқ бўлмаган ҳужжатлари Мулкий зарар етказилишига сабабчи бўлиши мумкин. ЎзР Конституциясига кўра, ҳар бир шахсга давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади (44модда). Бу асосий қоида Фуқаролик кодексида ҳам ўз ифодасини топган. Унга кўра, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фуқаро ёки юридик шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларини ғайриқонуний равишда бузишга қаратилган ҳужжат қабул қилса, бундай ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш ва бундай ҳужжат натижасида етказилган Мулкий зарарни ундириш ҳақида фуқаролар, юридик шахслар судга мурожаат қилишлари мумкин. Етказилган Мулкий зарарни давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки мансабдор шахс тўлайди.

Ҳожиакбар Раҳмонқулов.

Loading...