МУНАВВАРҚОРИ

МУНАВВАРҚОРИ, Абдурашидхонов Мунаввар қори (1878, Тошкент — 1931.23.4, Москва) — Ўрта Осиё жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчиси, 20-а. ўзбек миллим мат-буоти ва янги усулдаги миллий мактаб асосчиси, янги миллий театр ташкилотчиларидан бири, адиб ва шоир. Тош-кентнинг Шайхонтоҳур даҳасидаги Дархон махалласида зиёли оиласида туғилган. Отаси Абдурашидхон Соти-болдихон ўғли мударрис, онаси Хоси-ят отин Хонхўжа Шораҳимхўжа мударрис қизи отинойи бўлган. У оклада учинчи ўғил бўлиб, катта акалари Аъзамхон (1872—1919) ва Муслимхон (1875— 1954) муаллим бўлишган. Отасидан ёш етим қолгани туфайли дастлабки таълимтарбияни онасидан олган. Сўнг ўз даврининг машҳур ўқитувчиси Усмон домладан илми қироат ва тажвидни ўрганиб, ҳофизи Қуръон бўлган. 1885—90 й. ларда Бухородаги Мирараб мадрасасида таҳсил олган, аммо таҳсилни охирига етказмай, Тош-кентга қайтиб, имомлик ва муаллимлик билан шуғулланган. Эшонқули додхоҳ мадрасасида таҳсилни давом эттирган. 1901 й. да усули жадид мактабини очган ва шу мактаблар учун махсус ўқув дастурини тузган, дарсликлар ёзган. 1904 й. дан ижтимоийсиёсий, маданий хаётга аралаша бошлаган. 1906 й. дан «Ўрта Осиёнинг умргузорлиги, тараққий», «Тараққий» газ. ларида адабий ходим. Шу йили ношир ва муҳаррир сифатида «Хуршид» газ. ни ташкил этган. «Шуҳрат» (1907), «Тужжор» (1907), «Осиё» (1908) газ. ларини ғоявий бошқарган ва адабий ходим вазифасини бажарган. Сўнг «Садойи Туркисшон» (1914—15) газ. да масъул муҳаррир муовини, «Ал-ислоҳ» жур. (1915—17)да махфий мухаррир, «Нажот» ва «Кенгаш» (1917) газ. ларида масъул муҳаррир.

Мунавварқори турли жамият ва уюшмалар ташкилотчиси. У «Жамияти Имдодия» (1909), «Турон» (1913), «Туркистон кутубхонаси» (1914), «Умид» (1914), «Мактаб» (1914), «Кўмак» (1921) жамият, ташкилот, ширкат ва уюшмаларида муассис, муовин, раис, аъзо. Шўролар ҳукумати даврида Халқ дорилфунуни шўросининг раиси, Туркистон Маориф халқ комиссарлиги турк шўъбасининг иш юритувчиси (1918), Тошкент ш. маориф нозири, Шарқ халқлари съезди (1920, Боку) делегата ва ҳайъати аъзоси. БХСР Маориф нозирлиги вақф бўлими бошлиғи (1920—21), Тошкент ш. ижтимоий тарбия бўлими мудири (1921), Академмарказ раиси (1922), Навоий номидаги мактаб, Наримонов номидаги пед. техникуми, аёллар пед. интида муаллим (1923 — 25), Самарқанд ш. музейида илмий ходим, Ўзбекистон осори-атиқаларни сақлаш қўмитасининг Тош-кент-Фарғона бўлимида масъул котиб (1927-28).

Мунавварқори бир қанча дарслик муаллифидир. Унинг «Алиби аввал» (1907), «Адиб уссоний» (1907), «Усули ҳисоб», «Тарихи қавм турк», «Тажвид» (1911), «Ҳавойижи диния», «Тарихи анбиё», «Тарихи исломия» (1912), «Ер юзи» (1916—17), 4 қисмдан иборат «Ўзбекча тил сабоклиги» (Шорасул Зуннун ва Қаюм Рамазон б-н бирга, 1925—26, 4қисми мусодара қилинган) дарсликлари бир неча марта чоп этилган. 1914 й. да тараққийпарвар ўзбек шоирларининг шеърларини жамлаб, «Сабзавор» номи билан нашр этган.

Мунавварқори ижтимоий-педагогик фаолият билан бирга бадиий ижод билан ҳам шуғулланган. Унинг ихчам ҳикоялари, талайгина шеърлари ўша даврдаги матбуот ва ўзи тузган ҳамда ёзган дарсликларга киритилган. Шунингдек, у ўткир публицист адиб сифатида танилган. Макрлаларида инсон ва жамият, дин ва диндорлик, ахлоқ, мустамлакачилик ва хуррият, зиёлилик, уюшма, ташкилот, давлат идораси масалаларига алоҳида эътибор қаратган.

Мунавварқори ўз фаолияти давомида педагогик, матбуотчилик, муҳаррирлик, адиблик б-н чекланмай, жиддий сиёсий фаолият ҳам олиб борган, шу сабабли мустамлака ҳукумати томонидан бир неча бор ҳибс қилинган.

Европа савдосаноат, илм-фанини ўрганишга чақирган, маънавий қолоқликни қоралаган. Чор ва шўро ҳукуматлари олиб борган мустамлакачилик си-ёсатига карши изчил кураш олиб бориб, 1917—1924 й. ларда «Шўройи ислом», «Турк адам марказият», «Иттиҳод ва тараққиёт», «Миллий иттиҳод», «Нашри маориф» каби жамият, фирқа ва ташкилотлар фаолиятига раҳбарлик қилган. У виждон эркинлигини инкор этмаган дунёвий демократик давлат тарафдори бўлган. Шу сабабли Қўқон ш. да ташкил топган Туркистон мухториятинм (1917) қўллаб-қувватлаган. Умр бўйи ўз ватанини мустақил кўришни истаган.

Мунавварқори 1929 й. 6 нояб. да қамоққа олиниб, Москва ш. даги Бутирка қамоқхонасида қатл қилинган ва Ваганкова қабристонига дафн этилган. 1991 й. да расман реаблитация қилинган.

Ас: Хотираларимдан, Т., 2001; Танланган асарлар, Т., 2003.

Ад.: Зиё Сайд, Танланган асарлар, Т., 1974; Ўзбекистоннинг янги тарихи, 1китоб [Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида], Т., 2000; Марказий Осиё XX аср бошида: ислоҳотлар, янгиланиш, тараққиёт ва мустамлакачилик учун кураш, Т., 2001.

Сирожиддин Аҳмедов.

Prev Article

МУНАББАТ

Next Article

МУНДИГАК