МУНОЖОТ

«МУНОЖОТ» (араб. — ялиниш, ёлвориш) — йирик шаклдаги ўзбек мумтоз чолғу куйлар туркуми. 3 асосий қисмдан ташкил топган: «Муножот», «Савти Муножот» ва «Уфари Муножот». Туркумли ижрода баъзан «Савти Муножот»дан кейин «Оромижон» номли куй уланиб, сўнгра «Уфари Муножот» янграйди. Умумий парда тузилиши ҳамда бош куй мавзуи бўйича улар Дугоҳ ва Чоргоҳ мақом йўлларига мос келади. «Муножот» туркумининг таркибий қисмлари бир-биридан асосан усул негизи билан фаркланади (сарахбор, кашқарча, уфар). Шу билан бирга ўзбек мусиқа меросида «Мўғулчаи Муножот», «Мухайяри Муножот», «Қашқарчаи Муножот» номли чолғу куйлар хам мавжуд.

Ўтмишда «Муножот» Аллохдан нажот, мадад тилаб килинадиган тунги ёки яширин ибодат, унинг руҳий ҳолати билан боғлиқ ҳолда юзага келган бўлсада, «Муножот» куйлари кенг дунёвий мохиятга эга, лирик кайфиятни акс эттирадиган жозибали, мафтункор, бадиий етук асарлардир. Шунингдек, И. Икромов 1940-й. ларда Навоий қаламига мансуб «Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади» ғазални «Муножот» куйига моҳирона боғлаб, ашула йўлини яратган. Уни А. Ҳайдаров, Б. Довидова, Б. Ис-ҳоқова каби атоқли хонандалар ўзига хос ижро услублари билан кенг оммага танитган. «Муножот»нинг «Оромижон» кисми эса «Қошлари қаламлар» халқсўзлари билан айтилиб келинади. «Муножот» куйларидан ўзбек бастакорлари ва композиторлари томонидан ҳар хил шакл ва жанрларда унумли фойдаланилган (мас, Ф. Мамадалиев — кўп қисмли янгича «Муножот» туркуми, Д. Соатқулов — «Фарғонача квартети», М. Тожиев — 3, 11симфониялари ва б.).

«Муножот» атамаси бошқа Шарқ халқлари (мас, уйғур, эрон, татар ва б.) мусика меросида ҳам турли (диний айтим, қўшиқ ва б.) маъноларда учрайди.

Равшан Юнусов.

Loading...