МУНШАОТ

МУНШАОТ (араб. —иншо этилганлар, яъни ёзилганлар, битилганлар) — Шарқ шеъриятидаги жанрлардан бири, муаллифнинг назмда ёки насрда ёзилган мактублар тўплами. Бундай тўпламлар бир ёки бир неча муаллиф каламига мансуб хатлар йиғиндисидан иборат бўлган. Мактублар шунчаки битилган хатлар бўлмай, бадииятнинг ўзига хос тури — иншо санъати сифатида юзага келган, чуқур мазмунга ва гўзал бадиий ифодага эга бўлган. Баъзи мактублар юксак санъат билан ўта жимжимадор ёзилган. Асосан араб ва форс тилларида яратилган. Ўзбек адабиёти тарихида Муншаотнинг шаклланиши ва ривожланиши Алишер Навоий ижоди б-н боғлиқ. Навоий «Муншаот» асарининг муқаддимасида форсча мактублар шаклланган юксак услубга эга эканини, туркий халқларда бу услубда ҳали ҳеч иш қилинмаганини ва ўзи Муншаотга биринчи бўлиб кўл урганини қайд қилган. Навоийнинг ушбу асаридаги мак-тубларнинг аксарияти султон Ҳусайн Бойқаро ва унинг фарзандлари бўлмиш шаҳзодаларга ёзилган. Уларда Навоий мактуб эгаларига давлатни идора этиш, ҳукумат ишларини бажаришга доир ўзининг қимматли маслаҳат ва таклифларини баён этади, адолат ва ҳушёрликка чорлайди. Муншаот баъзан «руқъаот», «мактубот» деб ҳам юритилган. Муншаот ларнинг талайгина қўлёзма нусхалари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тининг қўлёзмалар фондида сақланади. Уларнинг баъзилари, мас, «Муншаоти Мирзо Содиқ» (инв. № 302—1, 4423 — II), «Муншаоти Юсуфий» (инв № 5046—III) муаллифларнинг ўзлари томонидан, баъзилари эса котиблар томонидан тартибга келтириб кўчирилган.

Loading...