МУҚАДДАСИЙ

МУҚАДДАСИЙ, Мақдисий (тўлиқ исм-шарифи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абубакр ал-Муқаддасий) (946/947, Қуддус – тахм. 1000) — араб географи, сайёҳ. Мусулмон Шарқ-ининг деярли барча мамлакатларида бўлган. Муқаддасий ўзининг шахсий кузатишлари ва ўзидан олдинги салафларининг асарларини ижодий ўрганиши натижасида ўзининг «Аҳсан аттақосим фи маърифат алақолим» («Иқлимларни ўрганиш учун энг яхши қўлланма») асарини ёзган. Асарнинг иккита тахрири мавжуд. Биринчи таҳрир (986 й.) Сомонийларга, кейингиси (989 й.) Фотимийларга бағишланган. Асар муқаддима ва 2 қисмдан иборат. 14 та бобида Араб халифалигига кирувчи вилоят (ёки регион)ларнинг географик ҳолати, табиий шароитлари, йирик шаҳарлари, меъморий ёдгорликлари, аҳолиси, хўжалиги, карвон йўллари, урфодатлари, солиқ ва жарима турлари, ҳар бир мамлакатнинг машҳур кишиларигадоир аниқ маълумотлар берилган.

Асарнинг кейинги бобларида ажам мамлакатлари (Хуросон, Сейистон, Мовароуннаҳр) тавсифланган. «Аҳсан аттақосим» Ўрта аср Шарқ мамлакатлари, жумладан, Ўрта Осиё ҳамда Закавказье халқларининг ижтимоий-иқтисодий, тарихий ҳамда маданий ҳаётига оид аниқ маълумотлар келтирилганлиги билан бошқа географик асарлардан фарқ қилади ва шу мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий тарихини ўрганишда муҳим манбадир. Асарнинг немисча матни 1877 й. де Гуе томонидан Лейденда нашр этилган. 1906 ва 1967 й. ларда асар қайта нашр қилинган.

Ад.: Крачковский И. Ю., Изб. соч., т.4, М. —Л., 1957; Древние и средневековые источники по этнографии и истории народов Африки южнее Сахары: [т.2] — Арабские источники X—XII веков, Муқаддасий — Л., 1965; Б. Аҳмедов, Ўзбекистон тарихи манбалари, Т., 2001.

Loading...