МУҚАЛЛИД

МУҚАЛЛИД (араб. — тақлидчи) — ўзбек анъанавий театрининг жанри; шу жанр ижрочиси. Мшаклидаги томошаларда қуш ва ҳайвонларга тақлид қилинган, ҳаётдаги баъзи кишилар хулқатвори, қизиқ воқеалар кулгили тарзда акс эттирилган. Муқаллид 3 хил: ҳажвий Муқаллидлар («Хум ўғриси», «Қиморбозлар», «Судхўр акам жон беради»), пародиялар («Улоқчилик», «Келин тушди», «Ёғоч полвон», «Новвойлик»), пантомималар («Кийик ўйин», «Тўрғай», «Бедана ўйин»). М. томошаларида нутқдан кўра ижрочи масхара-боз ва қизиқчининг саҳнавий ҳаракати, ҳолатлари, юз ва кўз ифодалари муҳимроқ. Муқаллид жанри жуда қадим замонларда шаклланган. Навоий даврида у яхши тараққий этган. Хожа Дехдор, Ғиёсиддин Муҳаммад, Абдулла Девона каби Муқаллидлар ўтган. 19-а. нинг 2-ярми —20-а. нинг бошида Зокир эшон, Тўла мас-хара, Мизроб масхара, Одил дупиёза, Ризо куюк кабилар Муқаллид жанрида катта ютукларга эришганлар. Шўролар даврида Хоразм масхарабозлари (Матчон Бақай, Бобосари, Ҳайитбой масхара-боз ва б.) шухрат топдилар. 20-а. нинг сўнгги ва мустақиллик йилларида бу жанр анъаналарини Мирзабек Холмедов, Ҳоживой Тожибоев, Обид Асомов ва б. давом эттириб келмоқда.

Муҳсин Қодиров.

Loading...