МУҚИМИЙ

МУҚИМИЙ (тахаллуси; асл исм-шарифи Муҳаммад Аминхўжа Мирзахўжа ўғли) (1850 — Қўқон —1903.25.5) — шоир ва мутафаккир. Ўзбек демо-кратик адабиёти асосчиларидан. Отаси тошкентлик, онаси Ойшабиби хўжандлик бўлиб, Қўқонда яшаганлар. Муқимий бошланғич маълумотни маҳалласидаги мактабда олган. Онаси Муҳаммад Аминхўжада шеъриятга ҳавас уйғотган. М. Қўқондаги Нодира бино қилдирган «Мохлар ойим» мадрасасида, сўнг Бухоро мадрасаларидан бирида ўқиган (1864—65; 1875—76). 1876 й. да Қўқонга қайтгач, ер қурилиши маҳкамасида мирзалик қилган. 70-й. лар охирларида Қўқонга қайтган ва ижод б-н шуғулланган. Отаси вафотидан сўнг моддий аҳволи оғирлашгач, «Ҳазрат» мадрасасининг кичик бир ҳужрасига кўчиб ўтган (1885), бутун умри қашшокликда кечган. Бир неча бор Тошкентга са-ёҳат қилган (1887—88, 1892), Тошкентдаги янгиликлар билан танишган. Тош-кент маданий ва адабий ҳаётини чуқур ўрганган. Алмаий, Нодим каби илғор рухдаги ижодкорлар билан алоқа боғлаб, ижодий ҳамкорлик қилган. Муқимий яшаб ижод этган давр адабий ҳаёти мураккаб эди. Бундай муҳит Муқимий ижодига кучли таъсир кўрсатди. Ижодининг илк даврида қисман шаклбозлик унсурлари, санъатпардозлик майлларига берилиш ҳам учрайди. Лекин тезда бу хил анъаналардан воз кечиб, жамиятдаги иллатларга, эскилик ақидаларига танқидий назар б-н қаради. Навоий, Жомий, Низомий ва Фузулийдан ўрганди, улар ғазалларига мухаммаслар боғлади. Жомийни ўзига устоз билди. Ўзбек, форс мумтоз шоирлари анъ-аналарини давом эттирди. Ўзбек адабиётида демократик йўналишнинг вужудга келиши ва шаклланиши Муқимий номи б-н боғлиқ. У бошлиқ Фурқат, Завқий, Аваз, Комил каби илғор фикрли шоирлар ўзбек адабиети тарихида янги саҳифа очдилар. Муқимий лирикаси чуқур оптимизм б-н суғорилган, қаётийлик ушбу лириканинг асосий ва етакчи хусусиятларидан. Муқимий реал муҳаббатни, инсонни куйлаган. Шеърларининг туб моҳиятини инсон кечинмалари, севинч ва аламлари, истак ва армонлари, курашлари ташкил этган. Уларда дўстлик, садоқат, самимият, вафодорлик, сабот ва матонат улуғланган ва булар орқали шоир кишиларда яхши хусусиятларни тарбиялашга интилган. Адолатли ва бахтли замонни орзу қилган, шундай кунлар келишига ишонган («Келур охир сени ҳам йўқлағудек бир замон яхши» ва б.). Ҳасрат, шикоят, норозилик мотивлари мавжуд бўлган шеърларида ҳам келажакка ишонч, фаровон ҳаёт ҳақидаги орзу-идеаллари акс этган.

Муқимий дунёқараши ва интилишлари билан муҳит ўртасидаги зиддият унинг ижодида танқидий йўналишни майдонга келтирган. Бу унинг хджвиётида кўпроқ акс этган. Ҳажвиёти мазмунан сатира ва юморга бўлинади. Сатираларида чор амалдорлари, айрим маҳаллий бойларнинг кирдикорлари очиб ташланган («Танобчилар» ва б.) – «Сайлов», «Дар мазаммати замона» ва б. да ўлкага кириб келаётган капиталистик ва ғайриахлоқий муносабатлар ҳамда уларнинг оқибатлари кўрсатилган. Баъзан, ўша даврдаги ҳукмрон қарашларга эргашиб, Дукчи эшон ҳақида ҳам ҳажвий асарлар ёзган («Ҳажви ҳалифаи Мингтепа»).

От, арава, лой, пашша, безгак каби мавзуларда 30 га яқин ҳажвий асар яратган. Уларда шоир турмушнинг қолоқ ва чиркин томонлари, ижтимоий онгдаги нуқсонлар устидан кулган, мустамлакачилик азоби, харобаликни заҳархандалик билан тасвирлаган («Девонамен», «Кўсамен» «Ҳайрон қилди лой», «Паш-шалар», «Шикояти безак» ва б.). Бошқа бир қатор ҳажвияларида жамият ҳаётидаги ўзгаришларга янгича муносабат акс этган («Таърифи печ», «Ароба қурсин», «Лой» ва б.).

Муқимий ўзбек адабиёти га ишчилар мавзу-ини олиб кирди, типлар галереясини яратди («Масковчи бой таърифида», «Воқеаи Виктор» ва б.). Турли шахар ва қишлоқларга қилган саёҳатлари та-ассуротлари асосида 4 қисмли «Саёҳатнома» асарини ёзди. Асар енгил, ўйноқи вазнда ёзилган, 4 мисрали бандлардан ташкил топган. Унда халқтурмушининг оғирлиги, қишлокларнинг вайроналиги реалистик тасвирланган. Шоир яхшиликни маъқуллаб, гўзалликни мадҳ этган, камчиликлар устидан кулиб, танбеҳ берган, ёвузликни, турли иллатларни танқид қилган. Муқимийнинг наср ва назмдаги мактублари эпистоляр адабиёт намунаси ҳисобланади. 10 шеърий, 20 га яқин насрий мактублари сақланган. Шеърлари қўлёзмалар, баёзлар, 20-а. бошларида литографияда нашр қилинган китоблар, Тошкент ва Петербургда босилган вақтли матбуот саҳифаларида бизгача етиб келган.

Муқимий ижодини ўрганиш, асарларини тўплаш ва нашр эттириш у ҳаёт давридаёқ бошланган. Дастлаб Остроумов «Девони Муқимий» тўпламини (Т., 1907) нашр қилган, сўнг 1910,1912 й. ларда «Девони Муқимий маа ҳажвиёт» номи билан асарлари тўплами босилган. Кейинги даврларда Ғ. Ғулом, Ойбек, X,. Зарифов, Ҳ. Ёқубов, Ҳ. Раззоқов, Ғ. Каримов, А. Хайитметов ва б. М. ижодини тадқиқ этганлар. Шеърларидан намуналар чет тилларга таржима қилинган. Қўқонда уй-музейи ташкил этилган. Фарғона вилоятидаги шаҳарча, Тошкент кўчаларидан бири, Ўзбек давлат мусиқали драма театри Муқимий номи билан аталади. Шоир ҳақида Собир Абдулла «Мавлоно Муқимий» романи ва «Муқимий» драмасини яратган. Муқимийнинг аксарият ғазаллари ашулага айланган.

Ас: Асарлар тўплами [2жли], Т., 1960 — 1961; Асарлар, Т., 1974.

Ад.: Ёқубов Ҳ., Ўзбек демократ шоири Муқимий, Т., 1953; Зарифов Ҳ., Муҳаммад Амин Муқимий, Т., 1955; Каримов F., Муқимий. Ҳаёти ва ижоди, Т., 1970; Каримов F., Ўзбек адабиёти тарихи, 3китоб, Т., 1966, 1975, 1987.

Суннатилла Аҳмедов.