МУРМАНСК

МУРМАНСК (1917 й. гача Романов на Мурмане) — РФ Мурманск вилоятидаги қаҳрамон шаҳар (1985), Мурманск вилояти маркази, Баренц денгизининг Кола қўлтиғи соҳилидаги музламайдиган порт. Т. й. станцияси. Аҳолиси 388,3 минг киши (1998). Саноатининг асосий тармоқлари — балиқ овлаш ва балиқни қайта ишлаш, кема тузатиш, қурилиш материаллари и. ч. М. да т-рал, сельдь овлаш ва қабул-транспорт флотлари бор. Қутб и. т. ва денгиз балиқхўжалиги ва океанография лойиҳалаш ин-тлари, 3 олий ўқув юрти, 3 театр, ўлкашунослик, бадиий, ҳарбийденгиз музейлари бор. М. Кола қўлтиғида денгиз порти қурилиши ва Мурманск т. й. ўтказилиши муносабати билан вужудга келган. 1930 й. дан М. Шим. денгиз йўлининг бошланиш жойи. 2-жаҳон уруши й. ларида Мурманск порти муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлди.